Қозоғистон Президенти Бразилия, Иордания, Хитой,
Франция ва Жанубий Африка раҳбарлари, Халқаро Қизил хоч қўмитаси билан бирга
қўшма баёнот берди. Олти давлат етакчилари уруш ҳаракатлари вақтида
инсонийликка риоя этишга чақирди. Баёнот халқаро гуманитар ҳуқуққа сиёсий
садоқатни кучайтиришга мўлжалланган глобал ташаббус доирасида қабул қилинди, дея
маълум қилди Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги. Давлат раҳбарлари дунёдаги
тўқнашувларда халқаро гуманитар ҳуқуқ қоидалари кенг кўламда бузилаётгани,
натижада, одамлар жабр чекаётганини таъкидлашди. Улар барча давлатлар ва уруш
ҳолатидаги томонларни фуқаролар ва тинч ҳаёт билан боғлиқ объектлар, тиббий ва гуманитар ходимларни
муҳофаза қилишга қаратилган меъёрларга риоя этишга чақирди. Давлат
раҳбарлари 2026 йилда қуролли зиддиятларда инсонийликни сақлаб қолишга
бағишланган юқори даражали учрашувлар ташкил қилинишини билдирди. Баёнот
БМТнинг олтита расмий тили, шунингдек, қозоқ ва португал тилларида чоп этилди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

