Қозоғистон-Франция ҳамкорлиги кенгайишда давом этади

Қозоғистон-Франция ҳамкорлиги кенгайишда давом этади

Франциянинг йирик компанияларидан бири мамлакатимизда бир неча йўналишда қўшма корхона ташкил этиш ниятида. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг расмий ташрифи доирасида ташкил этилган ушбу давлатдаги етакчи компаниялар раҳбарлари билан учрашув давомида шундай шартнома тузилди. Европанинг энг ривожланган давлатида эришилган келишувлар тўғрисидаги батафсил маълумот мухбиримиз репортажида.

Атом саноати, энергетика, ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган газ ажратиб олиш, машинасозлик. Шу ва бошқа йўналишларда француз компаниялари янги лойиҳаларни рўёбга чиқариш, бугунги кунда мамлакатимизда ишлаётган корхоналарининг фаолият доирасини кенгайтириш ниятини билдирди. Президент бир неча йирик компания раҳбарлари билан шахсан учрашди.  Қатор масалалар ечимини топди.

Шундан кейин Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон-Франция инвестициявий форумида қатнашди. Бу даврага капитали миллиардлар билан ҳисобланадиган бизнесменлар тўпланди. Эркин форматда бўлиб ўтган учрашувда Президент Қозоғистонда инвесторлар учун барча имкониятлар борлигини айтди.

ҚОСИМ-ЖЎМАРТ ТЎҚАЕВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ:

- Жорий йилнинг тўққиз ойида Қозоғистон ва Франция орасида товар айланмаси 12 фоизга ўсди. Франциянинг Қозоғистондаги Савдо ваколатхонаси очилиши ишимизга туртки беришига ишонаман. Унинг тезроқ шаклланишини истаймиз. Шу билан бирга, француз компаниялари биздаги инвестициявий имкониятларни кўриб чиқишини истардим. Қозоғистонда хавфсиз, барқарор инвестициявий муҳит шаклланишига кафолат берилишини ишонч билан айта оламан.

Францияга келган қозоғистонлик тадбиркорлар бир қанча шартнома тузиш имконига эга бўлди. Павлодардаги қурилиш материаллари заводи француз технологиясини олиб, маҳсулот турини кўпайтирмоқчи. Балхаш кўли яқинида қайта тикланувчи энергия манбалари асосида ишлайдиган станция қурилади. Темирйўлга боғлиқ француз компанияси Астана, Алмати шаҳарларида, шунингдек, Жамбил ва Туркистон вилоятларида сервис марказлари очишни режалаштирган. Лойиҳаларни ишга тушириш учун 50 миллион евро инвестиция келтирмоқчи. Яна бир француз компаниясидан самолётлар харид қилинади.

ҚАЙИРБЕК ЎСКЕНБАЕВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ САНОАТ ВА ИНФРАТУЗИЛМАВИЙ ТАРАҚҚИЁТ ВАЗИРИ:

- Эйрбас билан муносабатлар жойида. Биз кўплаб самолётлар сотиб оламиз. 2025 йилгача яна йигирма саккизтасини олиш ниятидамиз. Жами 51 та бўлади. Шундан йигирма саккизтаси Эйрбасдан, қолгани Боингдан олинади. Улар учун сервис маркази ҳам очиш зарур.

Ишлаб чиқариш ва цивилизация ривожланиши илм-фанга боғлиқ. Бу йўналишда 22 та ҳужжат имзоланди. Қозоғистонда Франция политехника университетининг филиали очилиши кутиляпти. Аввал бундай кенг ҳамкорлик кузатилмаган.

Абдумалик Сарманов таржимаси