«Қозоғистон ёввойи табиати» янги портал яратди

«Қозоғистон ёввойи табиати» лойиҳаси мамлакат фаунаси ҳақида янги онлайн-майдонча ташкил қилди. Энди истаган киши порталда республика ҳудудида яшовчи ҳайвонлар тўғрисида маълумотлар олиши, уларнинг фотосуратларини томоша қилиши мумкин. Сайтда ҳайвонлар ва қушларнинг турли ракурслардаги, имкон қадар табиий тарзда олинган ўта сифатли фотосуратлари қўйилган. Лойиҳа доирасида 6 та фотоэкспедиция ташкил қилинди, жумладан, Қўрғалжин қўриқхонаси, Алтин Эмель миллий табиат парки манзаралари суратга олинди. Лойиҳа доирасида келгусида аудио-энциклопедия чиқариш режалаштирилган, ҳар бир қуш ёки ҳайвон фотосуратига улар чиқарадиган товуш ҳам илова қилинади. Шунингдек, сайт ижодкорлари Қозоғистон ўсимлик дунёси ҳақида ҳам маълумот тўплашга киришган. Эслатамиз, «Қозоғистон ёввойи табиати» лойиҳаси атроф-муҳитни ҳамда Қозоғистонда мавжуд бўлган ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилишга ёрдам беради.

Қанат Абашов, «Ecoforming» таълим ва экология жамғармаси вакили:

- Жамоамиз, Зоология институти, National Geographic Kazakhstan журнали, «Ecoforming» экология ва таълим жамғармаси ходимлари лойиҳа устида ярим йил биргаликда иш олиб борди. Олинган маълумотлар тартибга келтирилди. Ҳайвонларни суратга олиш учун Қозоғистоннинг барча ҳайвонот боғлари, табиат қўриқхоналарида бўлдик. Мутахассислар Қозоғистонда мавжуд бўлган барча ҳайвон турларини жамлаш учун катта ишларни амалга оширди. Жуда ўзига хос ва қизиқарли сонияларни  суратларга муҳрладик.

Айбин Шағалақ, National Geography журналининг бошқарувчи директори:

- Бу лойиҳа битта порталда Қозоғистондаги барча ҳайвон ва паррандани жамлайди. Сайтдаги энциклопедик маълумотлар қозоқ, рус, инглиз тилларида берилган, ўта сифатли суратлар билан бирга қўйилган. Майдончадаги ўзи учун зарур маълумотни талабалар ҳам, олимлар ҳам осонгина топади. Жониворлар ҳақида маълумот тоифа ва турларга ажратилган. Ҳар бирига 5-6 тадан фотосурат илова қилинган, аҳволи, сони, бошқа қатор маълумотлар батафсил кўрсатилган.

Абдумалик Сарманов таржимаси