Қозоғистон Эронга музлатилган гўшт экспорт қилади

Қозоғистон Эронга музлатилган гўшт экспорт қилади

Қозоғистон Эронга музлатилган гўшт экспорт қилади. Томонлар тегишли меморандумни имзолади. Қишлоқ хўжалик вазирлиги берган маълумотга кўра, ҳужжат мамлакат маҳсулоти экспорти учун янги йўналишлар очади. Эслатамиз, шу вақтгача ишлаб чиқарувчилар Эронга фақат яроқлилик муддати 3 кун бўлган совутилган мол гўшти юбориш имконига эга эди.

Гўшт билан боғлиқ янги лойиҳаларга 152 миллиард тенге сармоя киритилади

Айни вақтда, Қозоғистонда гўшт билан боғлиқ янги лойиҳаларга инвестиция киритиляпти. 22 та объектни ишга тушириш учун 152 миллиард тенге хусусий капитал жалб этилади. Бу лойиҳа 2023-2026 йилларда рўёбга чиқарилиши кутиляпти. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги берган маълумотга кўра, Манғистау ва  Туркистон вилоятларида иккита лойиҳа ишга тушди. Йил охиригача яна учтаси иш бошлаши кутиляпти. Шу жумладан, Улитау вилоятида 10 минг бош мол боқиладиган, ўз кушхонасига эга чорвачилик мажмуаси очилади. Совутиладиган махсус омборлар ишга туширилади, улардаги маҳсулотдан колбаса тайёрланади ва сотиш йўлга қўйилади. 2023 йил охиригача Алмати вилоятида янги гўшт комбинати ишга туширилади. Жетису вилоятида бўрдоқилаш мажмуаси ишга тушиши режалаштирилган, унинг ўз озуқа базаси бўлади. Паррандачиликка келганда, Туркистонда бройлер товуқлари етиштиришга мўлжалланган паррандачилик мажмуаси очилади. Шунингдек, курка етиштириш, сўйиш ва чуқур қайта ишлаш корхонаси барпо этилади.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.