Қозоғистон энергетик самарадорлик бўйича халқаро ҳамкорликни кенгайтиради

Қозоғистон энергетик самарадорлик бўйича халқаро ҳамкорликни кенгайтиради

Қозоғистон уй-жойлар углеводород изини камайтириш ниятида. Бунинг учун халқаро агентликлар билан ҳамкорлик кенгайтирилади. Улар орасида Германиянинг DENA энергетика агентлиги ҳам бор. Ташкилот мутахассислари тадқиқотлар ўтказди ва республика уй-жой соҳасида энергетик самарадорликни оширишда катта салоҳиятга эгалигини кўрсатди. Замонавий технологиялар ва иссиқлик сақловчи материаллар катта ёрдам беради. Астанада бўлиб ўтган Энергия тежамкорлиги форумида экспертлар маълум қилишича, сўнгги ўн йил ичида Қозоғистон ялпи ички маҳсулоти энергия сиғими салкам ўттиз фоизга камайди, энергия тежовчи технологияларга мамлакат корхоналари 500 миллиард тенге сармоя киритди. Эндиликда уй-жой ва маъмурий биноларнинг энергия самарадорлигини оширишга эътибор қаратиляпти.

Елдос Абаканов, Электроэнергетика ва энергия тежамкорлигини ривожлантириш институти бошқаруви раиси:

- Энергия сарфининг 47 фоизи биноларга тўғри келади. Биз форум доирасида иккита сессия ташкил қилдик, унда, шу жумладан, Германиядан келган халқаро экспертлар тажриба алмашади. Катта реновация дастури кўзда тутилди. Энергия самарадорлигини ошириш учун эски уй-жойларни модернизациялаш ишлари кўриб чиқилди.

Елена Мецкер, DENA Германия энергетика агентлиги Туркия, Жанубий Кавказ ва Марказий Осиё бўйича лойиҳалар раҳбари:

- Қозоғистон Республикасининг тегишли вазирлиги билан ҳамкорликда  бир неча йил давомида энергия самарадорлиги мастер-режаси ишлаб чиқдик. Унга 5 та турли секторлар бўйича энергия самарадорлиги билан боғлиқ 100 тадан зиёд чора-тадбирлар киритилган. Улар маълум бир муддатда маълум бир давлат ёрдами механизмлари кўзда тутилган. Фикримизча, мана шундай мажмуавий ёндашиш охир оқибатда энергетик самарадорлик кучайишини таъминлай олади.

Экспертлар айтишича, энергия тежаш маданиятини ривожлантириш ва қурилишда энергетик самарадорликни ошириш Қозоғистон иқтисоди барқарор ўсиши факторларидан бири.

Абдумалик Сарманов таржимаси