Қозоғистон экспортини кенгайтиради

Қозоғистон хорижий давлатлар билан ҳар томонлама алоқаларини кенгайтиришда давом этяпти. Ҳукумат Индонезия, Монголия ва Бирлашган Араб амирликлари билан эркин савдо бўйича музокара юритяпти. Келажакда республика бу давлатларга маҳаллий товарлар экспортини 2 миллиард долларга етказиш ниятида. Ҳозиргача Сингапур ва Эрон билан шундай шартномалар тузилган. Тегишли вазирликнинг ярим йиллик ҳисоботида кўрсатилишича, йилнинг дастлабки 5 ойи давомида ташқи савдо ҳажми 55 миллиард доллардан ошди. Хитой, Россия ва Европа Иттифоқи - илғор учликда. Маҳаллий товар ишлаб чиқарувчиларининг маҳсулотини, шу жумладан, қайта ишланган товарларни хорижда олиб чиқиш ва ташқи бозорларда ўз улушига эга бўлиш, мунтазам сотишни йўлга қўйиш Қозоғистон учун устувор вазифа. 

Алия Абдрахманова, Қозоғистон Республикаси Савдо ва интеграция вазирлиги матбуот котиби:

- Нохомашё товарлар ва хизматлар экспорти 13 миллиард доллардан ошди. Четга чиқарилаётган тайёр маҳсулот ҳажми 10,5 миллиард доллардан ошди. Шу жумладан, халқаро бозорларда рангли металлар ва кунгабоқар ёғига талаб ортиши экспорт ҳажмини кенгайтиришда қўл келди. Сўнгги йилларда Қозоғистон хизматлар сектори ҳам ижобий динамика намойиш этяпти. Вазирлик мамлакат ишлаб чиқарувчилари билан ҳамкорликни кенгайтириш ва уларга янги бозорлар очилиши учун фаол ишлаяпти.

Қозоғистон товарлари чет элларда танилиши учун йил бошидан буён 5 та ташқи савдо миссияси ташкил қилинди. Натижада, умумий қиймати салкам 150 миллион доллар бўлган контрактлар имзоланди. Хорижий давлатлар ҳудудида Қозоғистон савдо уйлари ва ҳамкорлар билан биргаликда мультивазифали марказлар очиляпти. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашнинг янги механизмлари жорий этиляпти.

Алия Абдрахманова, Қозоғистон Республикаси Савдо ва интеграция вазирлиги матбуот котиби:

- Жорий йилнинг январида «Экспорт кредит агентлиги» тўғрисида қонун қабул қилинди. У қўллаб-қувватлаш борасида кенг спектрли суғурта ва молия  чоралари рўёбга чиқаришга мўлжалланган. Йилнинг биринчи ярмида агентлик 30 та экспортчига ёрдам кўрсатди. «QazTrade» миллий оператори эса ташқи бозорларини кенгайтириш ниятини билдирган компанияларни саралаб олди. Натижада, 120 та ишлаб чиқарувчи Хитой, Германия, Қатар, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб амирликлари, Ўзбекистон ва Қирғизистон бозорларига чиқади.

Қозоғистон электрон тижорати ҳам чегараларини кенгайтиряпти. Тегишли вазирлик берган маълумотга кўра, 70 та компанияни «Alibaba» халқаро савдо майдончасига олиб чиқиш бўйича ишлар амалга ошириляпти. Аввалроқ ундан жой олган 290 та компания товарларини сотиш орқали 346 миллион долларлик даромад олди. Бундан ташқари, Марказий Осиёда Хитойга ва Хитойдан Марказий Осиёга юборилаётган электрон савдо товарларини Қозоғистон омборларига жойлаштириш устида иш олиб бориляпти. Умуман олганда, ярим йил ичида электрон савдо ҳажми 1,5 триллион тенгега етди.

Абдумалик Сарманов таржимаси