Қозоғистон бевосита хорижий инвестиция бўйича пешқадам

Қозоғистон бевосита хорижий инвестиция бўйича пешқадам

Қозоғистон бевосита хорижий инвестиция жалб этиш бўйича Марказий Осиё минтақасида пешқадамлигича қолмоқда. Ўтган йили бу кўрсаткич бизда  минтақадаги бошқа мамлакатлардан 46 фоиз кўпроқ бўлган. Ҳукумат йиғилишида республика Ташқи ишлар вазири ўринбосари Алмас Айдаров маълум қилишича, чет элдан келган бевосита инвестициялар асосан  тоғ-кон ва қайта ишлаш саноати, савдо, қурилиш, молия ва суғурта фаолиятига йўналтирилган.

Алмас Айдаров, Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари:

- Сўнгги 5 йил давомида мамлакатга йилига 20 миллиард доллар сармоя жалб этилган. 2021 йилда Қозоғистоннинг асосий инвесторлари Нидерландия, АҚШ, Швейцария, Россия, Хитой, Бельгия, Буюк Британия, Жанубий Корея, Туркия ва Франция бўлди. Франциядан ташқари барчасидан келаётган сармоя миқдори ортган. 

Вазирлар Маҳкамаси йиғилишида инвестиция сиёсати концепцияси маъқулланди. У 2026 йилгача мўлжалланган. Шу даврга бориб, Қозоғистонга киритилаётган бевосита хорижий инвестициялар ҳажми 25,5 миллиард долларга етиши режа қилинган. Асосий эътибор қайта ишлаш саноатига қаратилади.

Алихан Смаилов, Қозоғистон республикаси бош вазири:

- Давлат инвестиция сиёсати сифатли хорижий ва ички инвестицияларни жалб этиш, иқтисодий фаолликни ошириш, жумладан, янги иш ўринлари яратиш орқали аҳоли даромадини кўпайтиришдан иборат. Бугун тақдим этилган Инвестициявий сиёсат концепцияси янги инвестициявий цикл дебочаси бўлиши, иқтисодиёт ва аҳоли фаровонлигининг ҳаракатлантирувчи кучига айланиши зарур. Иқтисодиётнинг нохомашё секторида инвестициявий лойиҳалар манбаларини кенгайтириш керак.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.