Қозоғистон Астана форумида 7,5 миллиард доллар инвестиция жалб этди

Қозоғистон Астана форумида 7,5 миллиард доллар инвестиция жалб этди

Қозоғистон дунё инвестиция харитасида мавқеини мустаҳкамлаяпти. Астана халқаро форумида умумий қиймати 7,5 миллиард доллар бўлган салкам 50 та шартнома имзоланди. Анжуманга дунёнинг эллик давлатидан минг нафардан зиёд корпорациялар, инвестициявий жамғармалар, давлат идоралари вакиллари келди. Бу эса мамлакатимизга эътибор ортиб бораётганини кўрсатади. Ўтган йилдан буён республика 17 миллиард доллар инвестиция жалб этди. 45 та корхона очилди, олти мингта иш ўрни яратилди.

Ғабидулла Ўспанқулов, Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Инвестициялар қўмитаси раиси:

- Қозоғистон бугунги кунда Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари орасида жалб этилган инвестициялар бўйича пешқадам. Мазкур минтақага келтирилган хорижий сармоянинг 60 фоизи Қозоғистонга тўғри келади. Бу эса мамлакатимизнинг жозибадорлигини кўрсатади. Бу нимага асосланган? Биринчидан, Қозоғистон ҳудуди, иқтисодий салоҳияти ва Шарқ, Ғарб, Шимол, Жануб чорраҳасидан жой олганимиз. Жалб этувчи иккинчи фактор – фойдали қазилмалар, хомашё. 

Хорижий компаниялар Қозоғистонни фақат жўғрофик жойлашуви ва барқарор иқтисоди учун танлайди, дейиш у қадар тўғри эмас. Қатор инвесторлар солиқдаги имтиёзлар, божхонадаги енгилликлар, бизнес ҳуқуқлари муҳофаза қилиниши каби давлат ёрдамини кўрсатади. Асосий мулоқот майдонларидан бири – «Астана» халқаро молия маркази.

Ренат Бектуров, «Астана» халқаро молия маркази бошқарувчиси:

- Транспорт ва логистика, шу жумладан, омборлар. Менимча, Қозоғистон учун анъанавий муҳим бўлган энергетика сектори. Шу жумладан, тикланувчи энергия манбалари. Агросаноат мажмуаси, тоғ-кон мажмуаси. Ва, албатта, айти-стартаплар: у ҳам Қозоғистоннинг жуда харидоргир соҳалари қаторида. Инвесторларнинг бу соҳага қизиқиши катта.

Экспертлар таъкидлашича, Қозоғистон барқарор иқтисодга эга, глобал бизнес ва янги ғояларга очиқ ҳамкор сифатида ном қозоняпти. Энг йирик инвесторлар қаторида эса Хитой, Россия, Нидерландия, Жанубий Корея ва Бельгияни кўрсатиш мумкин. Аналитиклар прогнозига кўра, бу рўйхат кенгайишда давом этади.

Абдумалик Сарманов таржимаси