Қозоғистон чарм ишлаб чиқарувчилари халқаро бозорларни забт этмоқда. Йил бошидан буён тадбиркорлар ишлаб чиқарган маҳсулот экспорти туфайли мамлакат бюджетига салкам 2 ярим миллион доллар даромад келди. Бу рақам ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ҳисоблаганда, 73 фоиз юқори. Саноат ва инфратузилмавий тараққиёт вазирлиги матбуот хизмати берган маълумотга кўра, қайта ишланган тери кўпроқ Хитой, Ҳиндистон, Италия, Туркия, Украина ва Испанияга чиқарилмоқда. Лекин маҳаллий бозорда бу маҳсулот у қадар кўп сотилмайди. Пойабзал, сумка, камар ишлаб чиқарувчи маҳаллий тадбиркорлар ушбу материални харид қилади.
Умуман олганда, мамлакатимизда тери ошловчи корхоналар 11 та минтақада жойлашган. Уларнинг кўп қисми - еттитаси Чимкентда. Қолганлари Алмати, Қўстанай, Жамбил, Ақтўбе, Қизил Ўрда, Павлодар, Шимолий Қозоғистон, Шарқий Қозоғистон вилоятлари, Нур-Султон ва Алмати шаҳарларида. Йил бошидан буён жами 54 миллион квадрат дециметр чарм ишлаб чиқарилди.
Басима Сарманова таржимаси