Миллий банк валюта курси тўғри бўлишини таъминлайди

Миллий банк валюта курси тўғри бўлишини таъминлайди

Ташқи таъсирларнинг салбий асоратларини камайтириш учун Миллий банк қатор чора-тадбирлар кўриш ниятида. Ташкилот етакчиси Ғалимжан Пирматов маълум қилишича, молиявий бозорларда юзага келган мисли кўрилмаган вазиятда Қозоғистон бозорларида ҳам беқарорлик ошган. Жаҳондаги геосиёсий вазият ёмонлашуви оқибатида тенге курси кескин ўзгаришларга учради. Молиявий бўҳроннинг олдини олиш, валюта курси асоссиз ўзгаришига йўл қўймаслик учун Миллий банк маълум кунларда валюта интервенциясини амалга оширди. Февраль ойининг ўзида унинг ҳажми 273 миллион доллардан кўпроқни ташкил этди. Миллий жамғарма маблағларини конвертациялаш ҳам миллий валюта курсига ижобий таъсир кўрсатди. Шу билан бирга, март ойи бошида қўшимча санкциялар туфайли Россия рубли арзонлашуви тенгега таъсир кўрсатди.

Ғалимжан Пирматов, Қозоғистон Республикаси Миллий Банки раиси:

- Нақд пул бозорида курс шаклланишининг бозор тамойилларига мувофиқ тартибини таъминлаш учун Миллий банк пул алмаштириш пунктлари орқали нақд валюта харид қилиш ва сотишда йўл қўйилиши мумкин бўлган фарқ чегарасини кенгайтирди. Молиявий беқарорлик ва чайқовчиликнинг олдини олиш мақсадида Президент фармонига кўра, мамлакатдан 10 минг доллардан зиёд нақд пул кўринишида хорижий валюта, 100 граммдан зиёд олтин қуйма, аффинажланган олтин олиб чиқиш тақиқланди. Бу эса хорижий валютани ҳаддан зиёд кўп олиб кетиш устидан назорат ўрнатиш, Миллий банк захираларини сақлаб қолиш имкониятини берди.

Миллий валюта курси сўнгги кунларда бир доллар учун 512 тенге атрофида ўзгариб турибди. Банклар Қозоғистонга нақд пул кўринишида хорижий валюта олиб келиш бўйича барча чора-тадбирларни кўряпти. Ғалимжан Пирматов таъкидлашича, бу курс шаклланишини сақлаб қолади, бир вақтнинг ўзида турли номувофиқликлар тўпланиб боришининг олдини олишга, захиралардан оқилона фойдаланишга хизмат қилади.

Абдумалик Сарманов таржимаси