Нидерландия Қозоғистон иқтисодиётига 125 миллиард доллардан зиёд сармоя киритди

Нидерландия Қозоғистон иқтисодиётига 125 миллиард доллардан зиёд сармоя киритди

Сўнгги йигирма йил ичида Нидерландия Қозоғистон иқтисодиётига 125 миллиард доллардан зиёд сармоя киритди. Қозоғистон - Нидерландия Тадбиркорлар кенгашининг иккинчи йиғилишида ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди. Қироллик республиканинг Европа Иттифоқидаги энг йирик инвестори, асосий савдо-иқтисодий шерикларидан бири. Ўтган йил якунларига кўра, икки мамлакат ўртасидаги товар айланмаси 6 миллиард долларга яқинлашди. Қозоғистонда Нидерландия капитали иштирокида 700 тадан зиёд компания фаолият юритмоқда. Саноат, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги ва транспорт-логистика соҳаларида ҳамкорлик учун салмоқли салоҳият мавжуд. Транскаспий халқаро транспорт йўналиши ҳамкорликни ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар очади. Унинг ривожланиши Қозоғистоннинг Хитой ва Европа ўртасидаги муҳим транзит йўлаги сифатидаги аҳамиятини оширади.


Дана Қасимова, Қозоғистон ташқи савдо палатаси бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи:


- Маълумки, Қозоғистон асосан нефть, нефть маҳсулотлари ва титан экспорт қилади. Нидерландия машина ва, шу жумладан, клиникаларимиз учун тиббий асбоб-ускуналар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, гул экспорт қилади. Тадбирдан сўнг компанияларимиз тўғридан-тўғри мулоқотга киришади ва ҳар қандай қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкони туғилади.


Нико Схермерс, Нидерландия Қироллигининг Қозоғистон Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси:


- Қозоғистон ва Нидерландия аввалдан нефть-газ соҳасида фаол ҳамкорлик қилади. Бугунги кунда эса ҳамкорлик энергетика доирасидан ташқарига чиқмоқда. Истиқболли йўналишлар қаторига сув хўжалиги, агросаноат мажмуаси, транспорт, логистика ва инфратузилма лойиҳалари киради. Мамлакатларимиз савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёрлигини тасдиқлаяпти.


Абдумалик Сарманов таржимаси