Давлат раҳбари Сунъий интеллектни ривожлантириш кенгаши йиғилишида қатнашди

Давлат раҳбари Сунъий интеллектни ривожлантириш кенгаши йиғилишида қатнашди

Бугун Астанада Сунъий интеллектни ривожлантириш кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Уни Қозоғистон Президентининг ўзи очиб бериши Давлат раҳбарининг соҳага қанчалик катта эътибор бераётганидан далолат беради. Зеро, сунъий идроксиз глобал рақобатда муваффақият қозониш амримаҳол. Қосим-Жўмарт Тўқаев рақамли тизимлар ва нейротармоқлар суверенитетнинг муҳим шарти, иқтисодий ўсишнинг ҳаракатлантирувчи кучи эканлигини таъкидлади. Айни вақтда, AI технологиялар таълим соҳасига ҳам жорий этилиши лозим. Юқори малакали IT мутахассислар чиқариш учун эса мамлакатда ушбу соҳага ихтисослашган тадқиқот университети очиш лозим.


Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:


– Таълим даргоҳига алоҳида мақом бериш лозим. Бунда дунёнинг энг кучли олий таълим даргоҳлари ҳамкор сифатида жалб этилиши зарур. Ҳукуматга йил охиригача аниқ таклифлар тайёрлашни топшираман. «Қозоғистонга бу йўналишдаги университетнинг нима кераги бор?» деган савол туғилиши мумкин. Асосий мақсад – сунъий интеллект технологияларини иқтисоднинг барча соҳаларига жорий этадиган малакали мутахассисларни тайёрлаш. Тадқиқот университети фан, таълим, инновация ва халқаро коммуникациялар маркази сифатида иш юритиши лозим.


Бугунги кунда Қозоғистонда 79 олий таълим даргоҳида 63 минг нафардан зиёд талаба IT-ихтисослари бўйича таълим оляпти. Жорий йилдан AI-Sana дастури ишга тушди. У туфайли 400 минг нафар ёшлар сунъий идрок бўйича сертификат олди. Бундан ташқари, AI илмий-тадқиқот марказлари ишлаяпти. Лекин бу ҳали етарли эмас, Давлат раҳбари таълим тизимига сунъий идрокни кенг жорий этиш масаласини кўтарди. Биринчи навбатда шахсга кўра билим бериш йўлга қўйилиши лозим.


Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:


– СИ асосида олинган билимлар тизими ҳар бир ўқувчининг иқтидорига кўра якка таълим дастури ишлаб чиқиш имконини беради. Ёшлар салоҳиятини очади ва ўқишга интилишини оширади. Бу борада муваффақиятли халқаро тажриба мавжуд. АҚШдаги DreamBox ва Knewton каби майдончалар математика курсини ҳар бир ўқувчига мослаштирган, Жанубий Кореяда эса сунъий интеллект тилларни ўрганишга ёрдам беряпти.Бундай ёндашувлар Қозоғистон учун ҳам муҳим.


Қосим-Жўмарт Тўқаев Ҳукуматга Ўқувчилар рақамли қиёфаси миллий тизимини ишлаб чиқишни топширди. У Сунъий интеллект университети билан интеграция қилинади. Тизим талабаларнинг қизиқиш ва қобилиятини аниқлашга хизмат қилади. Рақамли ечимлар ривожланиши ортидан касблар ҳам ўзгаради. Шунинг учун Президент ҳозирнинг ўзида СИ асосида ходимларни қайта тайёрлаш майдончасини ишга туширишни топширди. Қосим-Жўмарт Тўқаев эътибор қаратган энг муҳим масала эса шундаки, янги технологиялар янги чорловлар олиб келади. Шунинг учун Ҳукумат давлат стандартларига мос контент тайёрлаш имконини берувчи таълим майдонча яратиши зарур. Йиғилишдан сўнг Давлат раҳбари рақамли ечимлар кўргазмасига борди. Унда мамлакатнинг етакчи компаниялари сунъий идрок билан боғлиқ лойиҳаларини тақдим этди.


Абдумалик Сарманов таржимаси