Бизнесни муҳофаза қилиш қонуний даражада кучайтирилади

Бизнесни муҳофаза қилиш қонуний даражада кучайтирилади

Маҳаллий тадбиркорларни ноқонуний босим ўтказишдан ҳимоя қилиш кучайтирилади. Якка тартибда бизнес юритишга халақит берадиган мансабдор шахсларга нисбатан ишларни кўриб чиқиш муддати энди 1 йилга узайтирилди. Тегишли қонун лойиҳаси бугун Мажилис пленар йиғилишида бир ўқишда маъқулланди.

Ҳужжат Қуйи палата депутатлари ташаббуси билан ишлаб чиқилган. Мажилисмен Гулнара Бижанова айтишича, давлат органлари ходимлари томонидан тадбиркорлар ҳуқуқлари бузилишига доир ҳолатлар кўп кузатилмоқда. Уларни Маъмурий кодекс бўйича жавобгарликка тортиш учун 2 ой вақт кетади. Мазкур вақт тадбиркор шикоятига биноан текширув ўтказиш учун етарли эмас. Натижада, даъво муддати тугайди ва мансабдор шахслар жазосиз қолади. Илгари фақат 20 фоиз ҳолатда қонунни бузган ходим маъмурий жавобгарликка тортилган.

Нурлан Нигматулин, Қозоғистон Республикаси Парламент Мажилиси Раиси:

- Ушбу меъёр «Nur Otan» партиясининг сайловолди дастури амалга оширилишини таъминлайди, унда давлат органларининг тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашувини қисқартиришга йўналтирилган қарорлар қабул қилиниши аниқ ифодаланган. Бундан ташқари, прокуратура органларига тадбиркор шикоятини, уни бошқа давлат органига жўнатмаган ҳолда, кечиктирмай кўриб чиқиш имконини берадиган меъёр ҳам мавжуд. Биз яна прокурор қарори бажарилмагани устидан ҳам жавобгарлик белгилаймиз. Шу тариқа, булар бари бизнесни ноқонуний босим ўтказилишидан ҳимоялашни кучайтиради.

Абдумалик Сарманов таржимаси