Қозоғистон-Туркманистон чегараси делимитация қилинди

Қозоғистон-Туркманистон чегараси делимитация қилинди

Қозоғистон ва Туркманистон ўртасидаги давлат чегараси ўзгармайди. Ҳатто Каспий денгизи сатҳи пасайиб, янги ерлар очилса ҳам. Парламент юқори палатаси депутатлари тегишли шартномани тасдиқлади. Сенатда таъкидлангани каби, ҳужжат қўшни давлат билан турли баҳслар юзага келишининг олдини олади.

Бу Каспийдаги давлат чегараларини ҳуқуқий жиҳатдан белгилаб берувчи дастлабки ҳужжат. Унда чегара чизиқлари ҳам, балиқ овлаш мумкин бўлган ҳудудлар ҳам кўрсатилган. Сенаторлар маълум қилишича, шартнома денгизнинг аҳамиятини тан олган ҳолда, қўшни давлатлар орасидаги сиёсий, иқтисодий, ижтимоий муносабатлар яхшиланишига хизмат қилади. Таъкидлаш лозимки, Туркманистон билан давлат чегарасини делимитация қилиш тўғрисидаги шартнома 2021 йил 25 октябрда Ашхободда имзоланган.

Маулен Ашимбаев, Қозоғистон Республикаси Парламент Сенати раиси:

- Қонун Қозоғистон ва Туркманистон ўртасидаги давлат чегарасини делимитация қилиш жараёнини якунлаш, Каспийдаги сарҳадларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш имконини беради. Ушбу ҳужжат икки давлат ўртасида яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлайди, ўзаро фойдали ҳамкорликни ривожлантиради.

Абдумалик Сарманов таржимаси