Қозоғистонликлар сони 20 миллионга етди. Ушбу маълумотни Қосим-Жўмарт Тўқаев ижтимоий тармоқдаги ўз саҳифасида келтириб ўтди. Давлат раҳбари юртдошларимизни бу муҳим воқеа муносабати билан табриклади ва бахтиёр оила – миллат фаровонлиги, мамлакат ривожи барқарорлигининг пойдевори эканлигини таъкидлади. Шу билан бирга, Қозоғистон Президенти уқтириб ўтганидек, Давлат оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни давом эттиради. Айтиш жоиз, Миллий статистика бюроси маълумотларига кўра, давлатимиз фуқаролари сонини 20 миллионга етказганлар 5 нафар гўдак бўлди - 3 нафар бола ва 2 нафар қизалоқ. Улар 14 ноябрь куни Улитау, Жетису, шунингдек, Атирау, Ақмўла ва Туркистон вилоятларида туғилган. Эслатамиз, 1991 йилда қозоғистонликлар сони 16 миллион кишидан ошганди. Мустақиллик йилларида бу кўрсаткич 22 фоиздан кўпроққа ўсган.
Абдумалик Сарманов таржимаси.