Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Владимир Путин Москвада музокара ўтказди

Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Владимир Путин Москвада музокара ўтказди

Россия Федерациясига қилинган давлат ташрифи доирасида Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Владимир Путин музокара ўтказди. Ундан олдин Кремлдаги Георгиев залида Давлатимиз раҳбарини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Президентлар расмий делегациялар вакилларини таништирди, икки давлат миллий мадҳиялари янгради. Тор доирадаги музокараларда Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон ва Россия ўртасидаги стратегик ҳамкорлик шунчаки гап эмас, балки давлатларимиз шериклигининг моҳияти эканлигини таъкидлади. Юзага келаётган масалалар эса ўз ечимини топади.


Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:


Биз учун Россия Федерациясига Давлат ташрифиўтаётган йилнинг энг асосий воқеаларидан бири бўлса, ажабмас. Бунга жиддий тайёрландик, вазирликлар, муассасалар билан консультациялар ўтказдик, зеро, ҳамкорлик миқёси, дарҳақиқат, катта. Бизда Россия Федерацияси билан туташмайдиган, ҳамкорлик амалга оширилмайдиган бирорта соҳа йўқ.


Владимир Путин, Россия Федерацияси Президенти:


Бизнинг Қозоғистон билан муносабатларимиз тобора ривожланиб бормоқда. Амалиёт ҳам, ҳаёт ҳам биздаги фундаментал ҳужжатларда ёзиб қўйилганларини тасдиқлайди. Қозоғистон ва Россия – яқин ҳамкор, дўст ва бир-бири учун ишончли иттифоқчи. Бу аниқ ишлар билан тасдиқланган.


Келгуси ҳамкорликка оид тафсилотларни Президентлар ҳукуматлар вакиллари билан кенгайтирилган таркибда муҳокама қилди. Томонлар давлатлар ўртасида иқтисодий алоқалар фаол кенгаяётганини таъкидлади. Мисол учун, маҳсулот айланмаси жорий йил 9 ойида  20 миллиард долларни ташкил қилган. Эндиликда тарафлар савдо ҳажмини 30 миллиардга етказишни ўйлаяпти. Бугунги кунда Қозоғистон ва Россия 175 та йирик қўшма лойиҳани амалга оширмоқда. Ва бу сўнгги марра эмас, ўзаро шериклик ҳажмини ошириш учун салоҳият жуда юқори. Томонлар келгусида ҳам бизнес юритиш учун барча зарурий шароитни яратишга келишиб олди, бунинг учун 2030 йилгача Иқтисодий ҳамкорлик мажмуавий дастури қабул қилинган. Шериклик учун истиқболли соҳалардан бири энергетика. Қосим-Жўмарт Тўқаев Росатом билан бўлаётган сермаҳсул ишни, хусусан, биринчи АЭС қурилиши лойиҳасини тилга олиб ўтди. Бундан ташқари, тарафлар нефть қазиб олиш ва ташиш, электр энергия ва газ соҳаларида шерикликни мустаҳкамлашга келишиб олди.


Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:


- Шимол-Жануб, Транскаспий халқаро транспорт йўналиши, Аягўз-Бахти, Дўстиқ-Мўйинти темирйўл линиялари ва бошқа лойиҳалар имкониятларини мунтазам кенгайтириш бўйича келишиб олдик. Трансчегаравий логистика инфратузилмасини яхшилаш, чегарада ўтказув нуқталари ишини такомиллаштиришнинг аҳамияти таъкидланди. «Трансолтой мулоқоти» истиқболли ташаббусини илгари суриш учун ўзаро ҳамкорликни давом эттириш кўзланмоқда.


Икки томонлама ҳамкорликнинг сезиларли қисмини таълим соҳаси ташкил қилади. Бугунги кунда Қозоғистонда Россия олий ўқув юртларининг 9 та филиали очилган, қўшни мамлакатда эса 60 мингдан зиёд юртдошимиз таҳсил олмоқда. Маданий-гуманитар ҳамкорлик ҳам равнақ топмоқда. Музокаралар якунига кўра, Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Владимир Путин Қозоғистон ва Россия муносабатларини кенг қамровли стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчилик даражасига ўтказиш тўғрисидаги декларацияни имзолади. Томонлар, шунингдек, бир қатор, хусусан, Ақтауда Россия Бош консуллигини таъсис этиш, “Союз-5” ва “Байтерек” мажмуасида парвоз синовларини ўтказиш бўйича давлатлараро комиссия тузиш борасида келишувларга эришди.


Абдумалик Сарманов таржимаси