Қосим-Жўмарт Тўқаев «Таза Қазақстан» экоакциясида иштирок этди

Қосим-Жўмарт Тўқаев «Таза Қазақстан» экоакциясида иштирок этди

Давлат раҳбари «Таза Қазақстан» республика экологик акциясида иштирок этди. Қосим-Жўмарт Тўқаев эслатиб ўтганидек, «Таза Қазақстан» ҳаракатига икки йил олдин старт берилган. Президент лойиҳа моҳиятига диққат қаратди, бу фақат табиат муҳофазаси ва тозаликка риоя қилишгина эмас, балки онгли авлодни тарбиялаш ва миллатнинг янги сифатларини шакллантиришдир. Ўтган йили барча минтақаларда 1200 га яқин экологик тадбир ўтказилган, 1 миллион гектардан зиёд майдон тозаланиб, тахминан 4 миллионта кўчат экилган. Бу ишда 800 мингдан зиёд волонтёр фаол иштирок этди.


Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:


- Астанада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигидаги Минтақавий экология саммити ниҳоясига етди. Мазкур кенг кўламли  форум доирасида муҳим, хусусан, экологик волонтёрлик, захираларни тежаш масалаларига бағишланган тадбирлар ташкил қилинди. Мен бир неча марта таъкидлаганимдек, дунёдаги ҳеч бир давлат экология муаммоларини якка ўзи ҳал қила олмайди. Бу ўта мураккаб, масъулиятли иш, шу боис, бу тадбир дипломатик фаолиятни, илм-фан, бизнес, жамоатчиликни, бошқача айтганда, кўнгиллиларни ҳам қўшган ҳолда, мақсадга интилувчан ёшларни ўзида бирлаштирмоғи лозим. Чунки ватанпарвар ёшлар ҳамма ерда ва ҳамиша ўзгаришлар двигатели бўла олади.


Давлат раҳбари «Таза Қазақстан» акцияси иштирокчиларига, энг аввало, Қозоғистон ёшларига самимий миннатдорчилик изҳор этди. Улар умум ишига сезиларли ҳисса қўшмоқда, юксак фуқаролик масъулиятини намоён қилмоқда, дея уқтирди Қосим-Жўмарт Тўқаев. Президент таълим орқали экологик маданиятни шакллантириш муҳимлигига эътибор қаратди. У Маориф вазирлигига «Жасил сабақтар» лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилишни топширди. Ўз навбатида, «Таза Қазақстан» акцияси миллий ғояга айланиши даркор.


Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:


- Янги Конституцияда, яшаш тарзмизга хос фундаментал асослар ўлароқ, онгли юртпарварлик, бирлик, ҳамжиҳатлик, «Таза Қазақстан» лойиҳасидан, яъни сиз – Қозоғистон ёшларидан илҳомланган табиатга муҳаббат тамойиллари мустаҳкамлаб қўйилган. Бундан жуда фахрланаман ва барчангизга ташаккур билдираман! Икки йил ичида ушбу илғор ташаббус чин маънода умуммиллий ҳаракатга айланди. Лойиҳа янгича мазмун билан бойиб бораётгани ва моҳиятан Адолатли Қозоғистон ғоясининг ахлоқий қоидасига айланаётгани муҳим.


Умуман, сўнгги йилларда мамлакатимизда яшил ниҳоллар ўтқазиш жадал давом этмоқда. Ўрмонларда бир ярим миллиондан ортиқ кўчат, шаҳару қишлоқларда эса 18 миллиондан кўпроқ дарахт экилган. Яқин уч йилда Қозоғистонда 46 та экоҳудуд ташкил этилиши режа қилинган. Қосим-Жўмарт Тўқаев «Таза Қазақстан» акциясининг бир гуруҳ фаолларини мукофотлади ва экофаоллар билан биргаликда пойтахтдаги «Самал» парки ҳудудида дарахт ўтқазди. Бу ер пойтахт аҳли учун янги оилавий, спорт ва маданий дам олиш марказига айланиши кўзда тутилган.


Абдумалик Сарманов таржимаси