Қосим-Жўмарт Тўқаев «Она тили» газетасига интервью берди

Қосим-Жўмарт Тўқаев «Она тили» газетасига интервью берди

Қозоғистонда 2024 йилда мамлакатнинг келгуси беш йил давомидаги тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор бунёд этилди, халқаро саҳнада давлат мавқеи мустаҳкамланди. Йил мураккаб бўлган бўлса-да, ислоҳотлар давом эттирилди. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев «Она тили» газетасига берган кенгайтирилган интервьюсида ўтган йилда юз берган ички ва ташқи  воқеаларни баҳолади, якунларни маълум қилди ҳамда келгуси давр учун режалар ва устувор йўналишларни тилга олди. Кенгайтирилган Ҳукумат йиғилишини ўтказиш, ўтган йили қабул қилинган 2029 йилгача мўлжалланган Миллий инфратузилма режаси доирасида жами 40 триллион тенгедан зиёд инвестиция жалб этиш, 200 дан зиёд лойиҳани ниҳоясига етказиш режалаштирилган.


Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Жорий йилда «Дўстиқ-Мўйинти» темир йўл участкасининг иккинчи линияси ва Алмати станцияси айланма темир йўл линияси қурилиши якунланади. Энергетика соҳасида ҳам катта лойиҳалар рўёбга чиқарилади. «Яшил» энергетикага кучли туртки берилади. Нефтни қайта ишлаш, нефть-газ кимёси ривожлантирилади. «Талдиқўрған-Ушарал» магистраль газ ўтказуви, «Жанаўзен-Ақтау» газ ўтказувининг тўртинчи линияси, шунингдек, Атирау вилоятида автоматлашган газ тақсимлаш станцияси фойдаланишга топширилиши кутилмоқда. Машинасозлик соҳасидаги ривожланиш юқори суръатда давом этади.

 

Шунингдек, уй-жой, ижтимоий инфратузилма қурилиши, рақамли соҳа ривожлантирилади. Президент таъкидлашича, йил охиригача Alem.AI халқаро сунъий интеллект маркази очилади. У инвестициялар жалб этиш, энг яхши жаҳон тажрибаси ва инновацияларни жалб этиш майдончасига айланади. Сунъий интеллект соҳасида мутахассислар тайёрлаш бўйича махсус дастур, шунингдек, сунъий интеллект тўғрисидаги алоҳида қонун устида иш юритилмоқда.


Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

Фуқароларимиз давлат хизматларини рақамлаштиришнинг устун жиҳатларини яхши билади. Электрон ҳукумат сайтидаги сервислар сони тобора ортиб боряпти. БМТ рейтингига кўра, Қозоғистон e-government ривожланишига кўра 24-ўринда. Қозоғистонда IT-хизматлар экспорти ортиб бораётгани қувонарли. Astana Hub муваффақиятли ишлаяпти. Қозоғистонни Евроосиёдаги энг йирик рақамли хаблардан бирига айлантириш режасини рўёбга чиқариш вазифасини уддалаш мумкин.


Президент интервьюсида Қозоғистоннинг туркий дунё интеграциясида тутган ўрни, қардош халқлар билан алоқалар ривожланиши алоҳида тилга олинди. Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатимиз Туркий давлатлар ташкилоти тузилишида дебочасида бош-қош бўлганини алоҳида таъкидлади. Қозоғистон ташкилотга раҳбарлик қилган даврда асосий эътибор сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни фаоллаштиришга қаратилди. Қатор кенг қамровли лойиҳалар ва 80 дан зиёд тадбир амалга оширилди. Улар қаторида Астанада ўтказилган V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари ҳам бор. Таълим даргоҳлари, илм-фан тузилмалари, ижодий зиёлилар ўртасида яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. Савдога келганда, 2024 йилда ташкилот аъзоларининг ўзаро товар айланмаси 45 миллиард доллардан ошди. Давлатлар Транскаспий Халқаро транспорт йўлагини ривожлантиришда муҳим ўрин тутади, энергетика, саноат, қишлоқ хўжалиги, рақамлаштиришда ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ниятида.


Абдумалик Сарманов таржимаси