Минтақаларда иқтисодий ўсишнинг янги нуқталарини яратиш, уларни ривожлантиришда номувофиқликларни бартараф этиш. Бу — мамлакат зиммасидаги асосий вазифа. Миллий қурултойнинг тўртинчи йиғилишида Давлат раҳбари ҳаётнинг барча соҳаларига оид, ҳар бир қозоғистонлик учун муҳим бўлган масалаларни кўтарди. Жорий йилда иқтисодда реал секторни молиялаштириш 8 триллион тенгегача кўтарилди. Келгуси йилларда бу кўрсаткич 10 триллион тенгега етади. Қосим-Жўмарт Тўқаев бизнесга шу давргача мутлақо кузатилмаган даражада катта ёрдам кўрсатилаётганини таъкидлади. Инфратузилмавий лойиҳалар сони ортди. Астанадан Арқалиқ, Тўрғай ва Иргиз орқали Транскаспий транспорт йўлагига олиб чиқувчи автойўл қуриляпти.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Янги магистраль мамлакатнинг марказий ва ғарбий минтақалари орасидаги масофани 560 километрга қисқартиради. Бу кенг кўламли лойиҳа Тўрғай минтақаси ривожланишига туртки беради. Арқалиқда аэропорт тикланиши, янги аэровокзал мажмуаси қурилиши лозим. Буларнинг ҳаммаси мамлакатнинг транспорт ришталарини мустаҳкамлайди, Марказий Қозоғистоннинг қишлоқ хўжалик ерлари ва чорвачилиги ривожланишига ҳисса қўшади.
Давр билан ҳамнафас юриш учун мамлакат иқтисоди рақамли ўзгаришлардан ўтиши лозим. Бунда блокчейн саноатини ривожлантириш қўл келади. Президент криптоалмашлаш фаолиятини, рақамли активлар айланмасини, рақамли майнингга инвестицияларни қонунийлаштириш бўйича шошилинч чоралар кўриши зарур. Лекин бундай технологик ишлаш тарзи кўп энергия талаб қилади, натижада дунёда электроэнергия тақчиллиги ортади. Шунинг учун Қозоғистон ўзини таъминлашдан ташқари, дунё бозорига энергия экспорт қила бошлаши лозим, дея таъкидлади Давлат раҳбари.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Биз учун ўн йиллар давомида фаол иқтисодий ўсишни таъминловчи янги энергетика соҳасини яратиш стратегик даражада муҳим. Шунинг учун битта эмас, учта атом электростанцияси бунёд этиш, тўлақонли ядро кластери шакллантириш лозим, деб ҳисоблайман. Бу – ўта зарур. Мана шу вазифанинг ниҳоятда аҳамиятли эканлигини ҳисобга олган ҳолда Президент қошида ядро энергетикаси агентлиги ташкил этишга қарор қилдим.
Давлат раҳбари рақамлаштириш ва энергетикадан ташқари, агросаноат мажмуаси ва инсон капитали Қозоғистоннинг барқарор ривожланиши учун асосий факторлар бўла олишини кўрсатди. Қосим-Жўмарт Тўқаев солиқ ислоҳоти хусусида ҳам фикрини билдирди. ҚҚС ставкаси кўтарилиши давлат ўз зиммасига олган ижтимоий мажбуриятларни бажариши учун керак. Бунинг учун Қозоғистон бюджетининг ярмидан кўп қисми сарфланади. Республика бу йўналишда ишлашда давом этади. Шунинг учун таълим, соғлиқни сақлашга киритилаётган инвестициялар қисқартирилмайди. Фан учун катта маблағ ажратилади. Президент ички сиёсат соҳасида ягона концепция тайёрлаш топшириғини берди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

