Президент Қосим-Жўмарт Тўқаевга мамлакатдаги криминоген вазият ҳақида маълумот берилди. Бугун Давлат раҳбари Ички ишлар вазирини қабул қилди. Ержан Саденов маълум қилишича, кўрилган мажмуавий чоралар оқибатида ўтган йили жиноятлар сони 12 мингтага камайди. Мамлакатда сўнгги бир неча йил давомида криминоген вазият яхшиланиб бораётгани кузатиляпти. Замонавий тергов-тафтиш усулларидан фойдаланиш туфайли очилган жиноятлар улуши ҳам ортди. Мамлакатда уюштирилган жиноятлар, гиёҳвандликка оид қонунбузарликлар, интернет-товламачиликка қарши фаол кураш олиб бориляпти. Шу жумладан, мамлакатдан 2 миллиард тенге маблағ олиб кетиш ҳолатининг олди олинди.
Ержан Саденов, Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазири:
- Шунингдек, Президентга вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, миграция назоратини кучайтириш, йўл хавфсизлигини таъминлаш, жиноий-ижро тизимини такомиллаштириш бўйича маълумот бердим. Қабул ниҳоясида Давлат раҳбари ҳуқуқ тартибот ва хавфсизликни таъминлаш бўйича қатор топшириқлар берди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

