Қосим-Жўмарт Тўқаев қозоғистонликларни Республика куни билан қутлади

Қосим-Жўмарт Тўқаев қозоғистонликларни Республика куни билан қутлади

Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон аҳлини Республика куни билан табриклади. Президент таъкидлашича, бу кунда кўп асрлик давлатчилик қайта тикланди. 33 йил аввал Давлат суверенитети тўғрисида декларация қабул қилиниши билан тарихий адолат ғалаба қозонди. Бу мамлакат тақдирини белгилаб берган ҳужжат халқнинг истаги ва ниятларига мос эди. Суверенитетга эришган республика юксак ютуқларга эришди. Жаҳон саҳнасида тан олинди, чегара муаммоларини ҳал қилди ва миллий хавфсизлигини таъминлади.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Сўнгги йилларда мамлакатимизда туб ўзгаришлар юз беряпти. Биз кенг кўламли ва геосиёсий минтақамиз даражасида олганда мисли кўрилмаган конституциявий ислоҳотни ўтказдик, халқ умуммиллий референдумда уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлади. Натижада, фуқароларнинг сиёсий жараёнлардаги иштироки анча кенгайди.

Давлат раҳбари таъкидлашича, мамлакат бойлиги -  тотувлик ва бирлик. Бу эса Қозоғистонга хос жиҳат – барқарорликни таъминлайди. Халқаро экспертлар мамлакатни тинчлик бешиги, деб атаётгани бежиз эмас. Бу қадриятларни эҳтиёт қилишимиз ва сақлаб қолишимиз зарур. Давлатчилик асосларини мустаҳкамлашимиз, қонун устуворлигига эришишимиз керак, деди Қосим-Жўмарт Тўқаев. Президент қатор қозоғистонликларга мамлакатни ривожлантиришга қўшган салмоқли ҳиссаси учун давлат нишонлари ва мукофотлари топширди. Улар қаторида педагоглар, тиббиёт ходимлари, зироатчилар, ишлаб чиқарувчилар, меҳнат фахрийлари бор.

Абдумалик Сарманов таржимаси.