Ақтўбе вилоятига қилган амалий сафари давомида давлат раҳбари пўлат қувурлар ишлаб чиқарадиган заводда бўлди. Корхона жорий йилнинг июль ойида фойдаланишга топширилган. Сармоянинг умумий ҳажми тахминан 3,5 миллиард тенге. Завод йилига 20 минг тоннагача тайёр маҳсулот бера олади. Қосим-Жўмарт Тўқаев корхонанинг узоқ муддатли тараққиёт режаси билан танишди.
Мирғали Бурбаев, «Металлинвест» компаниялар гуруҳи директори:
– Мазкур завод профилли қувурлар ишлаб чиқаради ва Қозоғистоннинг барча нуқталарига етказади. Хомашёни маҳаллий ишлаб чиқарувчидан сотиб оламиз.
Президент маҳаллий товар ишлаб чиқарувчилар кўргазмасида ҳам
бўлди. Унда саноат
корхоналари ва темир йўл соҳаси учун ускуналар, тиббий жиҳозлар, дори-дармон,
махсус кийим, маиший кимё ва сантехника маҳсулотлари тақдим этилган.
Давлат раҳбари минтақа ижтимоий-иқтисодий тараққиёти режаси билан танишди. 11 ой мобайнида иқтисодий ўсиш 6 фоизни кўрсатган. МИЗ барпо этиш, Ақтўбе аэропортини мультимодал хаб ўлароқ ривожлантириш мақсадида 1,2 триллион тенгедан зиёд капитал йўналтирилиши кўзланган. Қосим-Жўмарт Тўқаев топшириига кўра, шаҳарда 700 ўринли драма театри ва 35 минг нафаргача томошабинни сиғдира оладиган кўпвазифали стадион қурилади.
Давлат раҳбари полиция департаментининг Тезкор бошқарув марказини ҳам бориб кўрди. Бу ерда 32 нафар инспектор ишлайди, улар реал вақт тартибида кеча-ю кундуз мониторинг олиб боради. Минтақада жами бўлиб, 5 та шундай марказ ишлаб турибди. Президентга сунъий интеллект технологиялари қўлланиши борасида маълумот берилди.
Абай Жусупов, Ақтўбе вилояти Полиция департаменти бошлиғи:
- Сунъий интеллект функцияси кўплаб имкониятларга эга, юзни танийди, қолдирилган буюмларни топади, қурол ва бошқа кўпгина нарсаларни аниқлайди. Аналитикларимиз вилоятдаги вазиятни сутка давомида узлуксиз мониторинг қилади, сунъий интеллект аҳоли орасида тартибни сақлашда кўмаклашади.
Мамлакат етакчиси вилоят перинатал марказида ҳам бўлди, бу ерда ҳар йили 8 мингдан кўпроқ бола дунёга келади, 13 мингдан зиёд бемор дардига даво топмоқда.
Гулшат Темирбаева, вилоят перинатал маркази директори:
- Марказимизнинг асосий хусусияти шундаки, биз янги ва муддатидан олдин туғилган гўдакларда операция ўтказамиз. Жами бўлиб, 50 дан ошиқ жарроҳлик аралашуви амалга оширилди. Бу офтальмологик, кардиологик ва неонатал амалиёт.
Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари болалар футбол академиясига ҳам борди. Спорт объекти замонавий ускуналар билан жиҳозланган, бу ерда бутун йил давомида машғулот ўтказса бўлади. 800 нафарга яқин бола жаҳоннинг энг илғор стандартларига мос равишда шуғулланади. Қосим-Жўмарт Тўқаев тарбияланувчилар ва мураббийлар билан суҳбат мобайнида болаларни спорт машғулотларига фаол жалб этишнинг аҳамиятини алоҳида айтиб ўтди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

