Бунёдкорлик ва икки
томонлама мақбул натижани кўзлаш. Қосим-Жўмарт Тўқаев Россиянинг «Известия» газетасига
Қозоғистон – Россия муносабатларининг ўзига хос жиҳатлари ҳақида интервью
берди. Қозоғистон Президентининг таъкидлашича, жорий йилда XXI асрда яхши
қўшничилик ва иттифоқчилик тўғрисида шартнома тузилганига 10 йил бўлади. Ҳужжат
рамзий аҳамиятга эга, у икки томонлама муносабатлар келажакни кўзлашини
англатади. Давлат раҳбари Россия Президентининг Астанага ташрифи, кун тартиби
тўғрисида ҳам гапирди. Икки давлат етакчилари сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар
ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилади.
Қосим-Жўмарт
Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Халқаро
ташкилотлар ва интеграция тузилмалари доирасидаги ўзаро ҳамкорлик жиҳатларини
кўриб чиқамиз. Халқаро вазиятнинг бугунги аҳволи ва истиқболлари хусусида фикр
алмашамиз. Минтақалараро ҳамкорлик форумида иштирокимизни дастурнинг алоҳида
қисми сифатида кўриш мумкин. Бу ўзига хос ва жуда самарали, минтақалар, икки
давлат тадбиркорлари ўртасида горизонтал алоқалар ўрнатишга ёрдам берувчи иш формати.
Жорий йилда биз Қозоғистоннинг Қўстанай
шаҳрида 19-форумни ўтказамиз. Тадбир мавзуси: қишлоқ хўжалиги соҳасида
ҳамкорлик. Анжуман, Россия Президентининг Қозоғистонга ташрифи каби
муваффақиятли ва самарали бўлишига ишонаман.
Қосим-Жўмарт Тўқаев
қандай қилиб дунёни мувозанатга келтириш мумкинлиги бўйича фикрини билдирди. Давлат
раҳбари таъкидлашича, халқаро ҳуқуқ қоидаларига сўзсиз риоя этилсагина бунга
эришиш мумкин. Умуман олганда, «узоқ муддатли барқарор тинчлик»ка эришиш учун
камида икки шарт бажарилиши лозим – ўзаро ён беришга тайёр бўлиш ва халқаро
ҳуқуқ қоидаларини ҳурмат қилиш. Бундаги иккинчи масала Қозоғистон ташқи
сиёсатининг асосий ғояларидан бири.
Қосим-Жўмарт
Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Ҳар қандай
зиддият БМТ Низоми меъёрлари ва тамойилларига кўра ҳал қилиниши лозимлигига
ишончим комил. Бу ҳужжат инсоният тарихидаги энг қонли воқеалар ортидан дунё
ҳамжамияти томонидан қабул қилинган. Фожиаларнинг такрорланишига йўл қўймаслик
учун халқаро саҳнада ягона, бир хил маънода талқин қилинадиган ўйин қоидалари
қабул қилинган. Бу инсонпарварлик тамойилларининг улкан ғалабаси эди. Зиддиятларни
ҳал қилишнинг яхшироқ усули ҳануз ўйлаб топилмади.
Абдумалик Сарманов
таржимаси.