Қозоғистонликлар замон билан баравар қадам ташламоғи лозим – мамлакатдаги юксалиш ҳар бир секторга тегиб ўтиши керак. Энг асосий ўринга эса билим кучи ва креатив тафаккур қўйилиши шарт. Бундан ташқари, давлатни орқага тортадиган нарсаларнинг барчасидан қутулиш зарур. Мазкур шартларнинг бажарилиши рақамлаштириш ва глобаллашув асрида қозоғистонликлар муваффақиятлар тўлқинида сузиши учун имкон яратади. Қозоғистон етакчисининг «Egemen Qazaqstan» газетасида берган интервьюсида айтилган фикрларга юртимиз олимлари муносабат билдирди. Евроосиё миллий университети проректори фикрича, Президент таъкидлаётган миллатнинг сифат жиҳатидан юксалиши учун илм-фанни, жумладан, олий ўқув юртларини модернизация қилиш орқали қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Таълим, фан ва ишлаб чиқариш бирлашмоғи лозим. 2022 йилда тадқиқот университети мақомини олган мазкур ўқув даргоҳи шу тамойилга амал қилади. Уни молиялаштириш ва илмий лойиҳалар миқдори бир бараварга ошган. Ўтган йили ЕМУда фаолият кўрсатаётган 30 дан зиёд ўқитувчи «тадқиқотчи олим» даражасини қўлга киритган, яна шунчаси нуфузли хориж олий ўқув юртларида стажировкадан ўтган. Университетга ютуқлари дунё даражасида эътироф этилган 80 нафар ёш тадқиқотчи ишга қабул қилинди.

