Қозоғистон ва Озарбайжон президентлари Стратегик муносабатларни мустаҳкамлаш ва иттифоқни мустаҳкамлаш тўғрисида декларация имзолади. Эслатамиз, Қосим-Жўмарт Тўқаев Озарбайжонга расмий ташриф билан келганди. Тор ва кенг форматдаги учрашувларда томонлар ўзаро ҳамкорлик масаласини муҳокама қилди. Шу жумладан, савдо-иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида шартнома, Транспорт ва транзит юк ташиш бўйича ўзаро мулоқот ва ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Шунингдек, Қосим-Жўмарт Тўқаев Озарбайжон президенти Илҳом Алиевни икки давлат ўртасида сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқаларни кенгайтиришга қўшган ҳиссаси учун "Алтин Қиран" ордени билан мукофотлади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Тор доирадаги учрашувда жуда самарали музокаралар ўтказилди. Ушбу ташрифим дастурида сизни Қозоғистон Республикасининг олий ордени - «Алтин Қиран» билан мукофотлаш ҳам бор. Сиз мамлакатларимиз ўртасида кўп қиррали ҳамкорлик ривожланишига катта улуш қўшдингиз. Хизматларингизни тан олган ҳолда қозоқ халқи номидан бугун «Алтин Қиран» орденини топширмоқчиман.
Илҳом Алиев, Озарбайжон Республикаси Президенти:
- Сиз мени биз учун қардош мамлакат бўлган Қозоғистоннинг олий орденига муносиб, деб ҳисоблаганингиз учун мамнунман. Ўз томонимдан дўстлик ва қардошлик алоқаларимизни кенгайтиришга имкон қадар улушимни қўшиб бориш ниятидаман. Бизларни умумий тарих, умумий илдизлар боғлайди. Ҳозир Қозоғистон ҳам, Озарбайжон ҳам мустақиллик йўлида дадил қадам ташлаётган, иқтисоди фаол ривожланаётган, ижтимоий муаммоларни ҳал этаётган мустақил давлат. Мамлакатларимизнинг жаҳон саҳнасида обрў-эътибори ортиб бормоқда.
Абдумалик Сарманов таржимаси.