Ўскемен тарихи бир неча минг йилни ташкил қилиши мумкин. Гарвард ходими, қозоғистонлик олим Нурлан Кенжеахмет аниқлаган маълумотлар шундан далолат беради. Қадимий Хитой-Маньчжур манбаларига кўра, замонавий шаҳар ўрнида бир замонлар Кенгиртура қадимий аҳоли манзилгоҳи бўлган. У 1757 йилгача мавжуд эди.
Нурлан Кенжеахмет, тадқиқотчи олим:
- Гарвард битирувчиси Бенжамин Леви Хитой бўйича маълумотларни диққат билан ўрганган, Маньчжур империяси даврига оид ёпиқ архивга дуч келган. Шунинг учун унинг ишларига ишониш мумкин. Тарихий фактларни келтирган, ўша даврдаги қозоқ дашти тўғрисида маълумотлар берган. Уларда Ўскемен ҳудудининг аввалги номи ҳам бор.
Қозоғистон тарихчилари таъкидлашича, олим назарияси ўз исботини топиши мумкин. Минтақада ўтмишга хос жуда кўп топилмалар мавжуд. Масалан, қадимий обсерватория сифатида таърифланган Ақбаур музей-қўриқхонасида олиб борилган ишлар унинг ҳудудида одамлар, турли қабилалар минг йиллар давомида яшаганини кўрсатди.
Галина Петенева, «Ақбаур» музей-қўриқхонаси археология бўлими мудири:
- Ақбаур Ўскеменга жуда яқин ҳудудда жойлашган, Иртишбўйи ҳудудига киради. Шаҳардан атиги 40 километр масофада. Жуда қадим замонлардан буён бу ҳудудда одамлар тиғиз ўрнашган. Ўскемен атрофи, шаҳарнинг ўзи қадимий обидалар устига қурилган бўлиши эҳтимоли жуда катта. Унинг яқинидаги ўтмиш ёдгорликлари, Ахмирово, Меновноедаги катта мозорлар ҳам шундан далолат беради. Улар ўрта асрларга оид.
Абдумалик Сарманов таржимаси