Қишлоқ тиббиётида янги лойиҳалар рўёбга чиқяпти

Қишлоқ тиббиётида янги лойиҳалар рўёбга чиқяпти

Қозоғистон қишлоқларида 655 та врач амбулаторияси ва тиббиёт пунктлари қурилиши режалаштирилган. Минтақа ҳокимликлари билан бирга тайёргарлик ишлари бошланди. Мажилисда бўлиб ўтган ҳукумат соатида Соғлиқни сақлаш вазири Ажар Ғиният маълум қилишича, эскиз ва ишчи лойиҳалар, бош режа тузилган, ер участкалари ажратиляпти. Умуман олганда қишлоқ тиббиёти бўйича қатор лойиҳалар амалга ошириляпти. Улар тиббий хизмат сифатини оширишга йўналтирилган. Ажар Ғиният таъкидлашича, «Беморларга йўналтирилган ёндашув» бошланғич тиббий-санитар ёрдами Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан маъқулланган.

Ажар Ғиният, Қозоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири:

- Алмати вилоятидаги Енбекшиқазақ туман поликлиникаси Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақасидаги 53 аъзо давлат учун бошланғич тиббий-санитар ёрдами бўйича намойиш этиш майдончаси сифатида тан олинди. БССТ шу кунгача Европа минтақасида уч давлат: Қозоғистон, Испания ва Швецияда ана шундай майдончаларни очиб, ишга туширди.

Кўп соҳали туман касалхоналари ҳам эътибордан четда қолмади. Вазир маълум қилишича, уларда замонавий ташхис ва илдам даволаш усуллари йўлга қўйиляпти, тиббий ёрдамдаги ёндашувлар такомиллаштириляпти.

Ажар Ғиният, Қозоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири:

- Аягўз кўп соҳали туман марказий касалхонасида стандартларни жорий этиш ва рўёбга чиқариш бўйича энг яхши амалиётлар жорий этилди. Унда мамлакатимизда ва жаҳон амалиётида қўлланилаётган ташхис ва даволаш усулларидан фойдаланилади. Шу жумладан, лапароскопия, холецистэктомия, аппендэктомия, герниопластика, артроскопия, интрамедулляр остеосинтезга ташхис қўйиш ва даволашда асорати кам жадал ёрдам бериш усуллари ишлатилади. Шимолий Қозоғистон, Ақмўла, Жамбил ва бошқа вилоятлардаги ҳамкасблар бу тажрибадан фойдаланяпти.

Абдумалик Сарманов таржимаси