Қосим-Жўмарт Тўқаев иқлим саммитини ўтказишни таклиф қилди

Қосим-Жўмарт Тўқаев иқлим саммитини ўтказишни таклиф қилди

Астана халқаро форумида президент Қосим-Жўмарт Тўқаев шундай таклиф билан чиқди. Унинг таъкидлашича, минтақа давлатлари атиги чорак аср ичида улкан иқлим ўзгаришларига дучор бўлиши мумкин. Натижада сув тақчиллиги ва ер деградацияси кузатилади. Давлат раҳбари фикрича, фақат мамлакатлар кўраётган чора-тадбирларни бирлаштириш ҳамда яқин ҳамкорлик муаммоларни ҳал этишга имкон яратади. Қозоғистон раҳбари бунинг учун Алматида Марказий Осиё давлатлари лойиҳа офиси яратишни таклиф қилди.  

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Биз сув захиралари етишмаслигидан хавотирдамиз. Марказий Осиёда юз бераётган қурғоқчилик ва тошқинлар йиллик ялпи ички маҳсулотнинг 1,3 фоизигача зарар беради, зироатчиликда ҳосилдорлик 30 фоизгача пасаяди, натижада 2050 йилга бориб, 5 миллион нафар ички иқлим мигрантлари пайдо бўлади. Ҳозирнинг ўзида музликлар ҳажми 30 фоизга қисқарди. Минтақадаги энг йирик икки дарё Сирдарё ва Амударё суви 2050 йилга бориб, 15 фоизга қисқаради. Минтақада экологик фалокатнинг олдини олиш учун Оролни қутқариш халқаро жамғармасига кўпроқ маблағ ажратишга чақирамиз.

Президент ўз нутқида янги имкониятлардан манфаатдор иштирокчиларни иқтисодиёт ва тадбиркорликда ҳамкорлик қилишга чақирди. У Қозоғистон ишончли ва глобал шерик бўла олишини кўрсатувчи аниқ мисоллар келтирди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Ўрта йўлак ёки Хитойни Европа Иттифоқи билан боғловчи Транскаспий халқаро транспорт йўналиши савдо-инвестиция учун янги имкониятлар очади. Бу йўналишда товарлар Ҳинд океанидан кўра салкам икки марта жадал етиб келади. Иқтисодий ривожланиш ва минтақа ичидаги алоқаларни кенгайтиришга хизмат қиладиган Қозоғистон «Ягона макон-ягона йўл» ташаббусида асосий ўрин тутишини алоҳида кўрсатиб ўтишни истардим.

 АҚШ Савдо палатаси катта вице-президенти Хуш Чокси таъкидлашича, Америка компаниялари Қозоғистонга катта эътибор беряпти. Форумда иштирок этган АҚШ делегацияси таркибида агросаноат, рақамли маҳсулотлар, нефть ва венчур бизнесига оид 20 компания ҳамда 40 та бизнес-етакчи бор.  

Хуш Чокси, АҚШ савдо палатаси катта вице-президенти:

- Менимча, форум турли соҳаларда ишлаётган АҚШ савдо палатасига аъзо кўплаб компаниялар учун имкониятлар очиб беради. Анжуман инвестиция киритиш масаласида бизнинг Қозоғистондаги бизнес-имкониятларга қарашимизни ўзгартиришини кутяпман. Форум халқаро аҳамиятга эга, ғоя алмашиш учун фойдали. Менимча, Қозоғистон ҳукумати инвесторлар учун қулай имконият яратиш бобида катта қадамларни қўяди.

Роман Скляр, Қозоғистон Республикаси бош вазирининг биринчи ўринбосари:

- Форум одатда тадбиркорлик фаолиятини жонлантиришга замин яратади. Биз янги лойиҳаларни муҳокама қиламиз, истиқболли режалар тузамиз, бундай анжуманларнинг фойдаси катта. Жаҳоннинг барча давлатлари, Европа Иттифоқи, Хитой Халқ Республикаси, АҚШ, Россия Федерацияси, биз билан ҳамкорлик қилаётган барча давлатлар учун ҳамиша очиқмиз.

Таъкидлаш лозим, Астана халқаро форуми доирасида қатор шартномалар имзоланиши кутиляпти. Улар бизнес, фан соҳаларида ҳамкорлик, технологияларни алмашиш ва тажриба ўртоқлашиш билан боғлиқ.

Абдумалик Сарманов таржимаси