Ўтган йил
якунларига кўра, Қозоғистон ва Осмон ости мамлакати ўртасидаги ўзаро савдо
ҳажми учдан бир мартага ортди ва 24 миллиард долларга етди. Жорий йилда эса яна
21 фоизга кўпайди. Бундай динамика икки
давлат раҳбарлари олдинга қўйган марра – товар айланмасини 40 миллиард долларга
етказиш режасининг тез орада рўёбга чиқиши мумкинлигини кўрсатади. Бош вазир А.
Смаилов ХХР давлат кенгаши раиси билан учрашуви давомида бу ҳақда гапирди.
Алихан Смаилов,
Қозоғистон Республикаси Бош Вазири:
- Биз Хитой билан
дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлашга катта эътибор
берамиз. Икки давлат олий раҳбарияти ўртасидаги дўстона муносабатлар ўзаро ҳамкорликнинг
барча жиҳатларига ижобий таъсир кўрсатади. Яқинда бўлиб ўтган Қозоғистон Президенти
Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Хитой раиси Си Цзиньпин ҳамда сиз билан олиб борган
музокаралари Қозоғистон – Хитой ҳамкорлигининг навбатдаги “Олтин 30 йиллик”ни
янги мазмун билан тўлдиришга имконият яратади.
Хитой сўнгги 18 йил
давомида Қозоғистон иқтисодиётига 24 миллиард доллардан зиёд сармоя киритди.
Қозоғистон ҳудудида 4 минг 700 дан зиёд қўшма корхона иш юритмоқда. Қозоғистон
Бош вазириинг фикрича, мамлакатлар ўртасида визасиз кириш-чиқиш тартиби жорий
этилиши бизнес-муносабатларни рағбатлантириш, савдони соддалаштириш ва туризмни
ривожлантиришга хизмат қилади. Янги қоидалар 10 ноябрдан бошлаб кучга киради. ХХР давлат кенгаши раисининг таъкидлашича, Хитой
ва Қозоғистон ўртасида самарали кўп соҳали ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Ли Цян, ХХР давлат
кенгаши раиси:
- Давлатларимиз
раҳбарлари алоқаларимизни ривожлантириш учун устувор вазифа ва йўналишларни
кўрсатиб беришди. Биз қозоғистонлик ҳамкасбларимиз билан олий даражадаги
келишувларни амалий жиҳатдан рўёбга чиқаришга тайёрмиз. Мақсадимиз: ушбу
ҳамкорлик халқларимиз турмуш даражасига ижобий таъсирини кўрсатишига эришиш.
Абдумалик Сарманов таржимаси.