Қосим-Жўмарт Тўқаев Давлат байроғини кўтариш маросимида иштирок этди

Қосим-Жўмарт Тўқаев Давлат байроғини кўтариш маросимида иштирок этди

Қозоғистон муҳим байрам - Давлат рамзлари кунини нишонлаяпти. Қосим-Жўмарт Тўқаев Давлат байроғини кўтариш маросимида иштирок этди. Президент Герб, Мадҳия ва Байроқ халқимиз қадриятларини ўзида мужассам этишини, миллий ўзликни, ва, албатта, давлатчиликни ифода қилишини таъкидлади. Қосим-Жўмарт Тўқаев миллий рамзлар нуфузини мустаҳкамлаш давлат аҳамиятига молик масала эканини алоҳида кўрсатиб ўтди. Яқинда Ҳукумат улардан фойдаланишни тартибга солувчи қарорга ўзгартиришлар киритади. Давлат рамзларига бўлган ҳурмат Конституцияда мустаҳкамланган бўлиб, фуқароларнинг ватанпарварлигини акс эттиради. 

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти

- Янги Конституцияни қабул қилиб, тарихимизнинг янги саҳифасини очдик. Асосий қонунда халқимизнинг кўп асрлик орзу-умидлари, мақсад ва идеаллари ўз ифодасини топган. Асосий қадриятлар — ҳудудий яхлитлик, мамлакат суверенитети, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари. Қонун ва тартибга риоя қилиш, таълим, илм-фан ва янги технологияларни ривожлантириш, тозалик, табиатни муҳофаза қилиш ва волонтёрлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш конституциявий мажбуриятлар сифатида белгиланди.

Бу йил Қозоғистон мустақиллигининг 35 йиллигини нишонлаяпти. Давлат раҳбари таъкидлаганидек, жорий йил ҳам кенг кўламли ўзгаришлар давом этяпти. Янги Конституция 1 июлдан кучга киради. Август ойида бир палатали Қурултойга сайловлар бўлиб ўтади, сентябрь ойида Қозоғистон Халқ Кенгаши тузилади. Ислоҳотларнинг янги босқичида барча илғор ижтимоий-сиёсий кучлар умуммиллий қадриятлар ва мақсадлар атрофида бирлашиши керак, Қосим-Жўмарт Тўқаев. Қозоғистон Президенти авлодлар орасида узвийликни сақлаш муҳимлигини ҳам таъкидлади. Бу нарса янги Конституцияда акс этган.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Олтин Ўрда ўз ҳокимият институтлари, дипломатик хизмати, алоқа ва бож тизими, дунёда тан олинган валютаси ва ўз даври учун илғор технологияларга эга бўлган ўрта асрлардаги буюк давлат сифатида майдонга чиқди. Қозоғистонда мустаҳкам ўрнашган замонавий президентлик ҳокимияти модели аслида Олтин Ўрда даврида яратилган сиёсий тизимга бориб тақалади. Унинг асосий мероси - бу турли дин, тил, маданият ва анъаналарга эга бўлган одамларни умумий қоидалар доирасида уйғун тарзда бирлаштирган мустаҳкам қадриятлардир.

Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистоннинг барқарор тараққиёти замирида ўтмиш, бугун ва келажакнинг узвий боғлиқлиги ётишини таъкидлади. Шунинг учун қадриятларни ҳозирги замон воқелигига мослаштириш зарур. Бугунги кунда қозоғистонликларнинг дунёқараши ўзгармоқда. Бирдамлик, меҳнатсеварлик, интизом олдинги ўринга чиқяпти, деди Давлат раҳбари. Бундан ташқари, рақамлаштириш ва сунъий интеллект туфайли ёшлар олдида ривожланиш учун катта имкониятлар очиляпти. Бир йил аввал Президент томонидан илгари сурилган ташаббус ўз ифодасини топди. Ҳарбий ўқув юртларининг энг яхши битирувчиларига биринчи марта катта лейтенант унвони берилди. Қосим-Жўмарт Тўқаев бундай ишонч катта масъулият юклашини, ҳақиқий офицер унвони билан эмас, балки ўз мамлакатига садоқати билан ҳурматга сазовор бўлишини таъкидлади.

Абдумалик Сарманов таржимаси.