Қозоғистондаги яна бир кондан ГАЗ қазиб олиш бошланди

Қозоғистондаги яна бир кондан ГАЗ қазиб олиш бошланди

Қозоғистоннинг «Рожковское» конидан табиий газ ва конденсат қазиб олиш бошланди. Мамлакат ғарбида жойлашган энг йирик объектлардан бирининг очилишида телекўприк тартибида Бош вазир Алихан Смаилов иштирок этди. Янги коннинг ишга тушиши туфайли республика Миллий жамғармасига ярим триллион тенге, маҳаллий бюджетга 110 миллиард тенге тушиши режалаштирилган. Бундан ташқари, минтақанинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун 3 миллиард тенге ажратилади, контракт мажбуриятлари ҳисобидан йилига инвестицияларнинг 1 фоизи маҳаллий кадрлар тайёрлашга сарфланади.

Алихан Смаилов, Қозоғистон Республикаси бош вазири:
- Мазкур лойиҳа стратегик аҳамиятга эга. У Давлат раҳбарининг янги газ конлари разведкаси ва ўзлаштирилиши учун инвестиция жалб этиш топшириғи асосида рўёбга чиқариляпти. «Рожковское»га 530 миллион доллар инвестиция жалб этилган. Бу кон қўшимча табиий газ манбаси бўла олади. 2040 йилга бориб жами 14 миллиард куб метр хомашё ва 7 миллион тонна конденсат қазиб олиниши режалаштирилган. Хомашё «Жаиқмунай» компаниясид қайта ишланади. Натижада, 13 миллиард куб метр товар гази ва 2,3 миллион тонна суюлтирилган газ олинади.

Евгений Лапшин, Қозоғистон ва  Россия бўйича mol group бош директори:
- Мен бу конни ишга туширишда кейинги босқичлар ҳам рўёбга чиқарилишига ишонаман. Янгидан очилган бошқа лойиҳаларда ҳам қатнашишимиз мумкин. Бу эса инвестиция ҳажмини ошириш, иқтисодий самарали лойиҳаларни рўёбга чиқариш имконини беради. Натижада, Қозоғистон иқтиоди ривожига ҳиса қўшган бўламиз. Қилинадиган ишлар кўп, келгуси йилда яна 4 та қудуқни ишга туширишимиз керак. Биз замин имкониятларини ўрганишда давом этамиз, бу эса «Рожковское» конининг ривожланиши учун қўшимча инвестиция келишини, қўшимча газ ва  конденсат қазиб олинишини англатади.

Таъкидлаш лозимки, Ақтўбе, Атирау ва Манғистау вилоятларида яна бир қанча газ лойиҳалари рўёбга чиқарилиши мумкин. Улар газ қазиб олишнинг йилига 2 миллиард куб метргача ортишига олиб келади. Халқаро компаниялар билан ҳамкорликда яна 12 та истиқболли геологоразведка лойиҳаси амалга оширилиши, мавжуд конларнинг қўшимча имкониятлари ўрганилиши кутиляпти. Эслатамиз, Қозоғистонда газни қайта ишлаш заводлари ҳам қурилади. “Қашаған” ва “Қарачағанақ”да, шунингдек, Жанаўзенда бундай иншоотлар иш бошлайди. Давлат раҳбари 2030 йилгача товар гази ҳажмини йилига 30 миллиард куб метрга етказиш топшириғини берган.

Абдумалик Сарманов таржимаси.