Қозоғистон Президенти Тинчлик кенгаши инаугурация йиғилишида қатнашди

Қозоғистон Президенти Тинчлик кенгаши инаугурация йиғилишида қатнашди

Қозоғистон Президенти Вашингтонда Тинчлик кенгаши инаугурация йиғилишида қатнашди. Қосим-Жўмарт Тўқаев  ўз нутқида АҚШ Президенти Дональд Трампга тадбирни ташкил қилгани учун миннатдорчилик билдирди. Давлат раҳбари таъкидлашича, янги ташкилот замонавий чорловларга жавоб бера олади ва мавжуд халқаро механизмларни кучайтиради. Бу инновациявий концепция қўшма ҳаракатлар туфайли рўёбга чиқиши учун барча имкониятлар бор. Қозоғистон Президенти Ғазо секторида вазиятни барқарорлаштириш ва уни тиклаш бўйича халқаро ҳаракатда иштирок этишга тайёрлигини билдирди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

– Қозоғистон эътиборли ва юқори малакали халқаро компаниялар орқали тиклаш ва қурилиш жараёнларида қатнашишга тайёр. Мамлакатимиз дунёнинг энг йирик буғдой етиштирувчиларидан бири сифатида Ғазода ва ундан ташқарида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун гуманитар ёрдам кўрсатишга тайёр. Қозоғистон  фаластинлик талабалар бизнинг университетларда таълим олиши учун 5 йилга 500 та таълим гранти ажратиш ниятида. Шунингдек, биз халқаро даражада тан олинган электрон ҳукумат ва бошқа рақамли ечимларни тақдим этишга тайёрмиз. Қозоғистон Халқаро барқарорлаштириш кучларини қўллаб-қувватлайди.

Давлат раҳбари таъкидлашича, Яқин Шарқнинг барқарор ривожланиши минтақада тинчлик ва ишончни мустаҳкамловчи ҳамкорликнинг янги механизмларини талаб қилади. Қосим-Жўмарт Тўқаев  Қозоғистон  Иброҳим шартномаларига қўшилишга қарор қилганини кўрсатиб ўтди. Кенгаш фаолиятининг глобал аҳамиятга эгалигини ҳисобга олган ҳолда, Президент мамлакатимиз амалий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини тасдиқлади.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

– Шунингдек, Тинчлик кенгаши доирасида тинчлик ғояларини илгари суришдаги юксак натижаларини тан олган ҳолда, Президент Трамп номи берилган махсус мукофот таъсис этишни таклиф қиламан. Сизнинг кучли ва узоқни кўзлаган раҳбарлигингиз туфайли, Кенгаш раҳбарияти олижаноб миссиясини бажара олади, деб ҳисоблайман.

Абдумалик Сарманов таржимаси