Қосим-Жўмарт Тўқаев Абу-Дабида қатор учрашувлар ўтказди

Қосим-Жўмарт Тўқаев Абу-Дабида қатор учрашувлар ўтказди

Бирлашган Араб амирликларига қилган ташрифи доирасида Қозоғистон Президенти Абу-Дабида араб компаниялари раҳбарлари билан учрашди. Улар қаторида Masdar компанияси директори Муҳаммад ал Рамаҳий ҳам бор. Қосим-Жўмарт Тўқаев томонлар Жамбил вилоятида 1 ГВт қувватга эга  шамол электростанция қуриш бўйича зарур бўлган барча тегишли шартномаларни имзолаганини таъкидлади. Суҳбатдошлар рақамлаштириш бўйича қатор лойиҳаларни юзага чиқариш ҳақида фикр алмашди.


Давлат раҳбари Abu Dhabi National Oil Company Холид Салмин билан нефть-газ, геологоразведка ва сунъий интеллект бўйича ҳамкорлик қилиш масаласини муҳокама қилди. Президент таъкидлашича, Қозоғистон ушбу компания билан ҳамкорлик муносабатларини янада кенгайтиришга катта эътибор билан қараяпти.


Abu Dhabi Ports Group бош директори билан учрашувда эса икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари, транспорт-логистика соҳаларидаги келишувларни рўёбга чиқариш масаласи муҳокама қилинди. Юртитмиз етакчисининг маълум қилишича, компаниянинг қатор йирик иншоотлар барпо этиш режаси Қозоғистоннинг Каспий денгизида денгиз ва порт инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги стратегик мақсадларига мувофиқ келади. Транспорт инфратузилмаси ва транзит йўлакларини ривожлантириш эса мамлакатимизнинг барқарор ривожланиши ҳамда халқаро савдони фаоллаштиришда катта аҳамиятга эга.


Нурлан Жакупов, «Самруқ-Қазина» ҲЖ бошқаруви раиси:


- Abu Dhabi Ports дунёдаги энг йирик транспорт-логистика компанияларидан бири, Қозоғистонда у билан икки йўналишда ҳамкорлик амалга ошириляпти. Биринчи йўналиш: «Қазмунайгаз» билан боғлиқ. Каспий ва Қора денгиздаги қўшма флотни бошқаришга қаратилган. Ҳозирча олтита денгиз кемаси бошқарувга берилган. Жорий йилда қўшма флотдаги кемалар сони янада ортиши кутиляпти. Иккинчиси эса – КТЖ компанияси билан ҳамкорлик. Abu Dhabi Ports «Шимол - Жануб», «Ўрта йўлак» транспорт-логистика салоҳиятини кенгайтириш билан шуғулланяпти.


Учрашувлар давомида Қозоғистон Президенти сунъий интеллект соҳаси экспертлари билан ҳам суҳбатлашди. Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатимизда бу маҳсулотни илгарилатиш учун мустаҳкам пойдевор яратилаётганини таъкидлади. Шу жумладан, юқори малакали мутахассислар тайёрланаяпти, улар учун кенг имкониятлар бериляпти Мамлакатда AlemAI илғор технологиялар маркази тузилган, таълим соҳасида эса Al-Sana инновациявий дастури ишлаяпти.


Абдумалик Сарманов таржимаси.