Қаддимизни ростлаймиз, машғулотни бошлаймиз! Соғлом турмуш тарзи экспертлари аҳолига шундай мурожаат билан чиқди. Улар айтишича, соғлом одамлар коронавирус дардини енгил ўтказади. Организмни соғлом ҳолда тутиш жуда муҳим. Бунинг учун куч ишлатиш ва кардиомашқлардан ташқари тўғри овқатланиш ҳам жуда муҳим.
Ерлан Манатаев, Саломатлик элчиси:
- Мувозанатланган ва соғлом озиқ-овқат жуда муҳим. Уларга, биринчи навбатда, мева-сабзавотлар киради. Кунига 500-600 грамм мева-сабзавот истеъмол қилиш зарур. Етарлича оқсил моддалари истеъмол қилишни унутмаслик лозим. Оқсил асосан чорва маҳсулотларидан олинади, лекин ўсимликларда ҳам бор. Ҳайвон оқсиллари ҳақида гапирсак, уларни тухум, сут маҳсулотлари, мол ва парранда гўшти, творог ва бошқа маҳсулотлар орқали оласиз. Демак, уларни канда қилманг. Ўсимлик оқсиллари эса кўпроқ дуккаклиларда учрайди. Нўхат, ловия, шу турдаги бошқа маҳсулотлар жуда фойдали.
Функционал фитнес мураббийи айтишича, организмни чиниқтириш учун машғулотларни ўзингизга ёққан нарсалардан бошлаган маъқул. Масалан, юриш, рақслар, футбол ёки баскетболдан. Агар коронавирусни бошингиздан ўтказган бўлсангиз, Ерлан Манатаев ўз тажрибасидан келиб чиққан ҳолда қуйидагиларни маслаҳат беради.
Ерлан Манатаев, Саломатлик элчиси:
- Кўпроқ ичимликлар, оддий, мураккаб бўлмаган таомлар истеъмол қилиш лозим. Ун, шакарни камайтиринг. Турли шўрвалар ичинг. Хасталанганимда ўзимни қийнамадим. Етти кун ўтгач, 10 марта ўтириб-тура бошладим. Тузалганимдан кейин машқ қилиш осонлашди.
Айни вақтда шахсий гигиенани унутмаслик шарт. Коронавирус инфекциясининг олдини олиш бўйича тадбирлар қаторига қўлларни ювиш, масофа сақлаш ва ниқоб тақиш киради. Буларнинг ҳаммаси ёрдам беради.
Абдумалик Сарманов таржимаси