14 мингдан зиёд қозоғистонлик малака оширди

14 мингдан зиёд қозоғистонлик малака оширди

14 мингдан ортиқ қозоғистонлик махсус таълимий платформа - skills.enbek.kz шарофати билан масофадан турган ҳолда ўз профессионал малакасини оширди. Платформа ўтган йили иш бошлаган бўлса-да, тизимда 25 мингдан зиёд фойдаланувчи рўйхатдан ўтган. Электрон дастурда рус ва қозоқ тилларида турли йўналишлардаги 120 га яқин таълимий курслардан ўтиш мумкин, тақдим этилган дастурларнинг ярмидан кўпроғини фойдаланувчилар бепул ўзлаштира олади. Тизимда интерфейсни алоҳида эҳтиёжга эга тингловчиларга мослаштириш имконияти ҳам кўзда тутилган. Курсни тугатганларга бериладиган сертификат ходим резюмесининг қадрини оширади ва орзусидаги ишни тезроқ топишида ёрдам беради, дейди ишланма муаллифлари.

Венера Бидахметова, меҳнат захираларини ривожлантириш маркази бош эксперти:

 - Ҳозирги пайтда бизда туризм, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш бўйича курслар бор. Мавжуд таълимий дастурларни такомилига етказиш ва улар сонини ошириш мақсадида маҳаллий таълим ташкилотлари билан ҳамкорлик қиламиз. Мазкур интеграциядан шуни кутяпмизки, тез орада Ай-ти ва психология соҳасида янги курслар вужудга келади.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.