«ATP 250 Astana Open» турнири ниҳоясига етди

Қозоғистон пойтахтида теннис турнири якунланди. Адриан Маннарино «ATP 250 Astana Open» ғолиби бўлди. Франциялик спортчи финал баҳсида жаҳоннинг 28-ракеткаси - америкалик Себастьян Кордани мағлубиятга учратди. Финал учрашув салкам икки соат давом этди. ATP рейтингида 34-поғонада бўлган спортчи уч сетда 4:6, 6:3 ва 6:2 ҳисобида ғалаба қозонди. У эндиликда жаҳон рейтингида 28-ўринга чиқди. Жуфтлик баҳсларида чемпионлик унвони америкалик дуэтга насиб қилди. Натаниэль Леммонс ва Жексон Уитроу хорватиялик Мате Павич ва австралиялик Жон Пирсни мағлуб қилди. Таъкидлаш лозимки, Астанадаги беллашувларни нафақат Қозоғистон, балки республика ташқарисидаги мухлислар ҳам кузатиб борди. Турнир мобайнида Миллий теннис марказига 16 минг нафардан зиёд томошабин келган, ўйинлар 80 дан зиёд давлатга трансляция қилинган.

Адриан Маннарино, турнир ғолиби:
- Имкониятдан фойдаланишни уддаладим ва ғалаба қозондим. Бу турнир дўстона муҳити билан менга жуда ёқади. Одамлар ўйинчиларга очиқкўнгиллик билан муносабатда бўлади. Буларнинг барчаси турнир давомида ўзимизни эркин ҳис этишимизга ёрдам берди. Ташкилотчилар яхши ҳаракат қилди. Ажойиб меҳмонхона, егуликлар ва ўйин учун шарт-шароитлар яратилди. Бундан ортиғини кутиш имконсиз. Мен ҳар сафар Қозоғистонга интиламан, бу менга қувонч бахш этади.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.