Астанада халқаро тиббиёт анжумани бўлиб ўтади

Астанада халқаро тиббиёт анжумани бўлиб ўтади

Дунёнинг етакчи шифокорлари Қозоғистонда жам бўлади. 22-23 октябрь кунлари пойтахтимизда дастлабки тиббий-санитарик ёрдам кўрсатиш бўйича халқаро анжуман ташкил этилади. Ушбу анъанавий тарзда ўтказиладиган тадбир Алмати декларацияси қабул қилинганига 45, Астана декларацияси қабул қилинганига 5 йил тўлганига бағишланади. Бу ҳақда Ҳукуматда мамлакат Соғлиқни сақлаш вазири маълум қилди. Ажар Ғиният айтишича, анжуманга БССТ Бош директори Тедрос Гебрейесус, ЮНИСЕФ ижрочи директори Кэтрин Рассел келиши кутилмоқда. Жами бўлиб, тадбирда жаҳоннинг 80 давлатидан вакиллар иштирок этиши мўлжалланган. Кенг миқёсли тадбирдан кўзланган мақсад - Қозоғистонда соҳага доир энг яхши халқаро тажрибаларни татбиқ этиш.

Ажар Ғиният, Қозоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири:
- Ўтган йилдан бошлаб, БССТ маъқуллаган дастур асосида беморларга биринчи тиббий-санитарик ёрдам кўрсатишнинг илғор амалий лойиҳалари татбиқ этиляпти. Жорий йилда ушбу амалиётлар мамлакатимизнинг 48 та шифохонасида амалга оширилмоқда. Олис овул аҳолисига талаб даражасида тиббий хизмат кўрсатилиши учун кўчма тиббий хизмат йўлга қўйилган. 

Қозоғистонда БССТ тавсияларига мос келадиган амбулатор даражада молиялаштириш ҳажми ортиб боряпти. Сўнгги уч йилда консультация-диагностика ёрдами билан қамраб олиш 7 марта, МРТ имконияти 6 марта, биринчи тиббий ёрдам соҳасини дори-дармон билан таъминлаш икки марта ошган. 2025 йилнинг сўнгига қадар 655 та биринчи тиббий-санитарик ёрдам объекти қурилиши кўзланган.

 

Хуршида Абдуллаева таржимаси.