Қирғизистон билан ҳамкорлик кенгайиб боради

Қирғизистон билан ҳамкорлик кенгайиб боради

Бугун бўлиб ўтган Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Қирғизистон вазирлар маҳкамаси раиси – Президент девони раҳбари Адилбек Қасималиев суҳбатида Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасидаги стратегик ҳамкорликни ҳар томонлама кенгайтириш масаласи муҳокама қилинди. Давлат раҳбари меҳмоннинг Астанага қилган биринчи сафари қардош халқлар ўртасида дўстлик ва иттифоқни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади. Музокаралар дўстона руҳда ўтди.


Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Қозоқ-қирғиз ҳамкорлиги фаол кенгайиб бораётганини алоҳида таъкидлашни истардим. Муҳтарам Садир Нурғўжўевич Жапаровнинг ўтган йилги Қозоғистонга ташрифи икки томонлама алоқалар ривожига туртки берди.


Қозоғистон Президенти маълум қилишича, икки давлат ҳукуматлари олдида турган асосий вазифалардан бири – олий даражада эришилган келишувларнинг тўлақонли юзага чиқарилишини назорат қилишдан иборат. Шу жумладан, товар айланмаси кенгайиши учун янги имкониятларни кўзда тутиш, қозоқ-қирғиз чегарасидаги савдо-логистика мажмуасини тезроқ ишга тушириш, транзит-транспорт алоқаси учун қулай шароитлар яратиш муҳим. Адилбек Қасималиев ўз навбатида таъкидлашича, давлат раҳбарлари келишиб олган барча масалалар бўйича Қозоғистондаги ҳамкасблар билан бирга фаол иш юритиляпти. Суҳбат давомида сув-энергетика соҳасидаги қўшма лойиҳаларга инвестициялар киритиш масаласига эътибор берилди.


Абдумалик Сарманов таржимаси