Қозоғистон «Марказий Осиё давлатлари ўртасида сув-энергетика бўйича ҳамкорлик механизмини яратиш тўғрисида» шартнома лойиҳасини тайёрлаяпти. Таъкидлаш лозимки, аввалроқ Сув захиралари ва ирригация вазирлиги «Дўстлик» давлатлараро канали орқали Қозоғистонга суғориш мавсумида етарлича сув жўнатиш тўғрисида келишиб олганди. Шартномага кўра, Сирдарё, Чу ва Талас орқали Ўзбекистон 922 миллион куб метр, Қирғизистон ярим миллиард куб метрдан кўпроқ оби-ҳаёт етказиб беради. Шунингдек, Ўзбекистон чегарасида ҳисоблагич ўрнатилади, у икки давлатда истеъмол қилинган сув ҳажмини кўрсатади. Вазирлик айни вақтда қатор хорижий таълим даргоҳлари билан соҳа бўйича кадрлар тайёрлаш тўғрисида меморандум имзолаган.
Мўльдир Абдуалиева, Қозоғистон Республикаси Сув захиралари ва ирригация вазирлиги расмий вакили:
- Сув захиралари ва ирригация вазирлиги 9 та олий таълим даргоҳи билан меморандум имзолади. Уларнинг талабалари «Қозоғистон сув хўжалиги» корхонасида ишлаб чиқариш амалиётини ўтказа олади. М.Х.Дулатий номли Тароз университети Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш институти билан икки диплом бериладиган қўшма таълим дастури тўғрисида меморандум имзолади. Шу тариқа, сув соҳасида Қозоғистондаги университетда таълим олган битирувчилар қўшни давлат дипломини ҳам олиши имконияти туғилади.
Сув захиралари ва ирригация вазирлиги Нидерландия қироллиги билан ҳам ҳамкорлик ҳақида меморандум имзолаган. У тошқинлар олдини олиш ва сув соҳасида мутахассислар тайёрлаш билан боғлиқ. Яна бир халқаро ҳужжат Қозоғистоннинг кема қатновидан бошқа шаклларда халқаро сув оқимларидан фойдаланиш бўйича БМТ халқаро конвенциясига қўшилганини кўрсатади.
Абдумалик Сарманов
таржимаси