Президент раҳбарлигида жанговар машқ ўтказилди

Президент раҳбарлигида жанговар машқ ўтказилди

Махсус амалиёт кучлари ва Миллий гвардия шартли равишда «босиб олинган» Қапчағай ГЭСини озод қилди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги эса техноген фалокат асоратларини бартараф этди ва аҳолига гуманитар ёрдам кўрсатди. «Жасур қарши зарба – 2023» стратегик команда-штаб жанговар машқи шундай афсона остида ўтказилди. Тадбир Қозоғистон Президенти, мамлакат Қуролли кучлари Олий бош қўмондони Қосим-Жўмарт Тўқаев раҳбарлигида амалга оширилди. Десант-штурмчи қўшинлар гуруҳи авиация ёрдамида Қуруқлик  ҳамда Махсус амалиёт кучлари билан бирга душман соҳилини забт этиш тактик ҳаракатини амалга оширди. Қарши соҳилга чиқилди. Давлат раҳбари ҳарбийларнинг тайёргарлигини юқори баҳолади ва машқларнинг муҳимлигини таъкидлади.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси президенти:

- Бугунги кунда дунё миқёсида мудофаа тизимида ўзгаришлар юз бермоқда. Жанг ҳаракатларини олиб боришнинг замонавий усуллари, айниқса гибрид уруш ҳаракатлари тобора кенг ишлатиляпти. Фақат қурол билан эмас, ахборот, психологик, сиёсий, иқтисодий шаклда ҳам тажовуз қилиш ҳоллари юз бераётир. Шунинг учун Қозоғистон Қуролли кучлари ҳар қандай чорловларга тайёр туриши керак. Замонавий профессионал армияга қўйиладиган талаб шундай. Бизнинг биргина ватанимиз бор, у Қозоғистон! Еримиз, юртимиз, фуқароларимиз хавфсизлигини таъминлаш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз.

Давлат раҳбарининг фикрича, армия ҳамиша юқори профессионал, ҳаракатчан ва энг мураккаб вазифаларни бажаришга тайёр туриши зарур.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси президенти:

- Бунинг учун қўшинларни юқори технологик ва сифатли қуроллар, техника, етарлича ўқ-дори билан таъминлаш керакЎз Мактубимда кўрсатиб ўтганим каби, юқори даражада локаллашган ишлаб чиқариш циклини яратиш вазифасини қўйдим. Зирҳли техника, учувчисиз аппаратлар, замонавий ўт очиш қуроллари – буларнинг ҳаммасини ўзимизда, мамлакат ичида чиқара оламиз ва бунга эришамиз. Умуман олганда, мудофаа-саноат мажмуаси армиямиз жанговар қудрати учун ишончли пойдевор яратиши зарур.

Қўшма жанговор ўқув вазифалари Алмати, Қарағанди, Шимолий Қозоғистон ва Абай минтақаларида ҳам тўлақонли бажарилди. Тадбирларда жами 8 минг нафар ҳарбий хизматчи, 600 дан зиёд қурол ва ҳарбий техника бирлиги ишлатилди.

Абдумалик Сарманов таржимаси.