«Ходимнинг шахсий иши» сервиси йўлга қўйилди

«Ходимнинг шахсий иши» сервиси йўлга қўйилди

«Ходимнинг шахсий иши». Шундай сервис hr.enbek.kz меҳнат захиралари порталида фойдаланишга топширилди. Иш берувчи мазкур хизмат воситасида бирор шахсни ишга қабул қилиш учун зарур ҳужжатлар жамламаси электрон пакетини олиши мумкин. Улар орасида шахсий гувоҳнома, олинган таълим, руҳий, наркологик ва тубдиспансерларда рўйхатга қўйилган-қўйилмаганлиги ва ҳатто вакцинация ҳақида маълумот бор. Шунингдек, ходим айни вақтда қаерда ишлаётганини ҳам билиш мумкин. Албатта, номзод розилиги билан. Бўлажак ходим СМС ёки электрон рақамли имзоси орқали Рақамли тараққиёт, инновация ва аэрокосмик саноат вазирлиги сервисидан хизмат кўрсатилишига ижозат беради.

Ербўлат Исламов, "Меҳнат захираларини ривожлантириш маркази" ҲЖ Бош эксперти:

- Одамлар шахсий маълумотлар ҳақида хавотир олмаса ҳам бўлади. Улар меҳнат шартномаларини рўйхатга олиш ягона тизимида жамланади. Ва бу ҳужжатлар давлат органлари ягона транспорт муҳитига қўйилган. Тизим ахборот хавфсзлиги бўйича синовдан ўтказилган. Барча сертификатлари бор.

Яқинда «Ходимнинг шахсий кабинети» деб аталган яна бир сервис ишга тушди. У орқали меҳнат шартномаларини кўриш, иш жойидан маълумотнома олиш, шахсий маълумотларни қайта ишлашга розилик бериш мумкин.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.