Бурабай курорти меҳмонларига завқ улашишда давом этади. Қозоғистоннинг энг хушманзара жойларидан бири бўлган бу ҳудудда маданий-кўнгилочар ҳордиқ учун барча шарт-шароит мавжуд. Энг оммалашган туристик манзиллар орасида «Бўтай-Бурабай» этнографик музейини кўрсатиш мумкин. Ушбу мажмуага ёз мавсуми мобайнида етти минг нафарга яқин сайёҳ ташриф буюради. Йўл бошловчилар қозоғистонлик археолог Виктор Зайберт кашф этган жаҳонга машҳур Бўтай маданияти ҳақида ҳикоя қилишдан толмайди. Музей мажмуасида еттита бино бор, улар Бўтай давридан тўлиқ нусха олиб қурилган.
Юлия Железнова, «Бўтай-Бурабай» этномузейи эскурсоводи:
– Бу йил минг нафардан зиёд одам музейимизни томоша қилди. Мавсумда 6-7 минг сайёҳ меҳмон бўлади. Одамларда қизиқиш жуда катта. Уй-жойнинг қандайлиги, ичида нималар борлигини кўришни истайди. Бу жуда ғаройиб жой, очиқ ҳаво остида ҳам, ер остида ҳам музей иншоотлари мавжуд. Бу эса кўпчилик учун жуда қизиқарли.
Туристлар интерфаол мультимедиа мажмуасини ҳам бажонидил томоша қилади. Бу ерда кўркам Қозоғистоннинг бой манзараларини томоша қилиш, Самруқ қуш билан бирга виртуал саёҳатга чиқиш мумкин. Заллардан бири «Мангу эл» деб аталади. Ундаги мультимедиавий ҳаёт дарахти ҳар бир қозоқнинг шажарасини, ота-боболари кимлигини очиб бера олади.
Ақзер Сегизбаева, мухбир:
- Бурабай курорти манзарали туристик жойлар билан бирга соғломлаштирувчи санаторийлар билан ҳам кўпчилик эътиборини ўзига тортади. Биз ҳозир шулардан биридамиз. Бу ерда марол етиштириш учун шарт-шароит бор. Уларни кўриб турибсиз. Маълумки, марол пантасида инсон организми учун зарур моддалар кўп. Улар Шарқий Қозоғистондан махсус келтирилган. Бу ерда уч нафар жонивор бор.
Оромгоҳ 2015 йилда очилган. 7 йилдан буён ушбу масканга турли касалликларни енгиш, иммунитетини кўтариш, кучини тиклаб олишни истаган фуқаролар ташриф буюради.
Михаил Ионов, зоодоктор:
- Баъзилар панта кесиб олиш жараёнида жониворларни қийнашади, деб ўйлайди. Аслида у мутлақо зарарсиз. Ҳатто мароллар учун фойдали. Нега? Чунки ҳар бир жонивордан фақат 200 миллилитр қон чиқади. Яъни қон олишнинг ўзи ҳам ҳайвонга фойдали. Унда метаболизм яхшиланади, мускуллари ўсади. Пантасидан эса турли дамлама, қайнатмалар тайёрланади, пантокрин олинади. Пантокрин маҳсулотлари эса организм тикланишига ёрдам беради.
«Бурабай» миллий табиат парки 2000 йилда ташкил қилинган. Ҳозир у саёҳатчиларнинг севимли жойларидан бири.
Абдумалик Сарманов таржимаси.