Парламент депутатлари таътилга чиқди

Парламент депутатлари таътилга чиқди

Бугун палаталар қўшма мажлисида иш якунлари чиқарилди.  Мажилис раиси Ерлан Қўшанов таъкидлашича, парламент дипломатияси доирасида 100 дан зиёд мамлакат парламентлари билан ҳамкорлик гуруҳлари ташкил қилинди. 100 кун ичида палаталар 82 та қонун лойиҳасини кўриб чиқди, шундан 25 таси қабул қилинди, 13 таси кучга кирди. Депутатлар ташаббуси билан киритилган қонунлар қаторида ноқонуний ўзлаштирилган маблағларни қайтариш, суюлтирилган газ айланмасини тартибга келтириш, собиқ Семипалатинск полигонида ядро хавфсизлиги масалалари бор.

Ерлан Қўшанов, Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажилиси раиси:

- Биз болаларга Миллий жамғарма ҳисобидан маблағ ўтказиб бериш бўйича ишлашни давом этамиз. У Президентнинг кенг кўламли сиёсий ислоҳотлар доирасидаги асосий ташаббусларидан бири. Давлат раҳбари топширган Солиқ, Бюджет, Сув, Шаҳарсозлик кодекслари, давлат харидлари, илмий ва илмий-техник сиёсат бўйича, қонун лойиҳалари бўйича ишлашимиз зарур.

Сессия давомида халқ вакилларига 7 мингдан зиёд мактуб келиб тушди. Икки палата депутатлари мамлакат давлат органларига уч юздан зиёд депутат сўроғини йўллади. Парламент аъзолари таъкидлашича, таътил бошланган бўлса ҳам улар минтақаларда ишлашда давом этади, энг муҳими – қозоғистонликларни ташвишлантираётган масалаларни кўтариш ва ҳал қилиш. 

Даулет Мукаев, Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажилиси депутати:

- Шундай кунлар ҳам бўлдики, депутат сўроқлари учун навбатга турдик.  40 дан зиёд савол йиғилиб қоларди. Бу эса жамиятда ҳал этилмай қолган муаммолар кўпайиб кетганини кўрсатади. Дастлабки 10 кун ичида пойтахтликлар билан учрашиб, аҳоли фикрини тинглашни режалаштирганман. 

Асхат Аймағамбетов, Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажилиси депутати:

- Ҳозир сайловчилар билан учрашувлар бошланади. Биринчи навбатда уларни ўтказамиз. Аҳоли пунктларига бориш кўзда тутилган. Аввал бу ишларни битираман, сўнгра оиламга вақт ажратаман. Кейин кузги сессияга тайёрланиш лозим, портфелда бир неча қонун лойиҳалари бор.

Таъкидлаш лозимки, саккизинчи чақириқ парламент тарихида энг навқиронлиги билан кўзга ташланди. Қуйи палата бир мандатли округлардан сайланган депутатлар билан бойитилди. Шунингдек, Мажилисга ўта олган партиялар ваколатлари кенгайди.

Абдумалик Сарманов таржимаси