Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Хитой ўртасида иқтисодий ҳамкорлик кенгайиб боради. Рақамли иқтисодиётдан, сунъий интеллект ва ақлли шаҳарлардан тортиб, ижтимоий муаммоларни ҳал этишгача бунга киради. Хитой –Марказий Осиё форуми иштирокчилари шу ҳақда гапирди. Таъкидлаш лозимки, бундай анжуман биринчи марта ўтказиляпти.
Ван Вэньтао, ХХР Тижорат вазири:
- Хитой қашшоқликни камайтириш, COVID-19 га қарши вакцинациия ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги масалаларида ишлашда давом этади. Биз Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Бутунжаҳон савдо ташкилоти билан кўптомонлама ёндашув бўйича алоқаларни кенгайтирамиз.
Марказий Осиё давлатлари ҳам Осмон ости мамлакати билан ҳамкорликдан манфаатдор. Яшил иқтисодиёт, молия ва инфратузилмаларга устиворлик берилган.
Роман Скляр, Қозоғистон Республикаси Бош Вазири ўринбосари:
- Хитой – Қозоғистоннинг энг муҳим иқтисодий ҳамкорларидан бири. Биз энергетика, транспорт ва трансчегаравий электрон савдода ҳамкорликни кенгайтириш умидидамиз.
Данияр Амангелдиев, Қирғизистон Республикаси Иқтисод ва тижорат вазири:
- Сўнгги бир қанча йиллар давомида Хитойнинг жадал ривожланаётганини кўриб турибмиз. Қирғизистон рақамли иқтисодиёт, экологик тоза ривожланишда, алоқаларни кенгайтиришда Хитой билан ҳамкорлик қилади.
Эслатамиз, Хитой Марказий Осиё мамлакатлари билан ўттиз йил муқаддам дипломатик алоқалар ўрнатган. Ўтган давр мобайнида минтақа билан ўзаро савдо ҳажми юзлаб марта ортди.
Абдумалик Сарманов таржимаси