Хитой чегарасида янги терминал ишга тушди

Хитой чегарасида янги терминал ишга тушди

Қозоғистоннинг Дўстиқ станциясида юк ўтказувчи кўп вазифали терминалнинг иккинчи навбати ишга туширилди. Эслатамиз, инфратузилмавий объект қурилишига 9 миллиард тенге инвестиция жалб этилган. Ушбу пункт орқали йилига 160-320 минг контейнер ўтказиш мумкин. Янги объект Хитой юкларини Европа, Марказий Осиё, Форс кўрфазига етказиб беришни жадаллаштиради. Унда махсус ўтказувчи технологиядан фойдаланилган: йўллар асосий магистралдан четда жойлашган, бу эса чегарадаги темирйўл тугунига ортиқча юк тушмаслигини таъминлайди. Куни кеча янги терминал орқали Хитойдан маиший техника юкланган поезд Германияга жўнатилди.

Тимур Қарабаев, Транспорт-логистика компанияси Бошқарув раҳбари:

- Бу жуда катта инфратузилмавий лойиҳа, аввало транспорт имкониятларини кенгайтиришга қаратилган. Тор темирйўл изидан кенг изга ўтишга мўлжалланган. Хитойдан Европага, Россия Федерациясига ва қарама-қарши томонга бораётган юк транзити ҳажми қайта юклаш жойлари қанчалиги, замонавийлиги, уларнинг жадал ва тўғри ишлашига боғлиқ.

Алексей Гром, Транспорт-логистика компанияси Бош директори:

- Бу Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи ва бутун Евроосиё учун муҳим воқеа. Бундай инфратузилма объектлари бунёд этилиши материкнинг турли қисмларида ўсиш нуқталари пайдо бўлишига олиб келади. Хитойда, ЕОИИда, Европада. Янги иш ўринлари яратилади, машинасозлик ривожланади... 

2021 йилда Қозоғистон орқали ташилган юк ҳажми 20 фоизга кўпайди. Юк транзити бир миллион контейнердан ошди.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.