Қозоғистонда иқтисодий фаоллик ортмоқда

Қозоғистонда иқтисодий фаоллик ортмоқда

Қозоғистонда ҳам бу кўрсаткич анча ортган. Жорий йилнинг 5 ойи давомида ялпи ички маҳсулот 4,5 фоизга ўсгани кузатилди. Миллий банк раиси Ғалимжан Пирматов Сенатда шундай баёнот берди. Таъкидлаш лозимки, ўтган йили мураккаб геосиёсий вазият билан тўқнашган бўлса ҳам, иқтисодиётнинг кўп соҳаларида ижобий ўзгаришлар кузатилди.

Ғалимжан Пирматов, Қозоғистон Республикаси Миллий банки раиси:

- 2022 йил якунларига кўра, инфляция 20,3 фоизга етди. Озиқ-овқат нархлари ўсиши инфляция кўрсаткичларига энг катта таъсир кўрсатди. Вазиятни барқарорлаштириш учун Миллий банк инфляцияга қарши монетар сиёсат юритди, инфляция таргетланмоқда. 2022 йилда Миллий банк базавий ставкани 16,75 фоизгача кўтарди. Бу эса тенгедаги активлар даромади ошишига олиб келди.

Спикер маълум қилишича, Миллий банк олиб бораётган пул-кредит сиёсати сабабли мамлакатда инфляция пасайишда давом этмоқда. Май ойида йиллик кўрсаткич 16 фоизгача камайган. Умуман олганда, озиқ-овқат инфляцияси 16 фоизгача, ноозиқ-овқат инфляцияси 17 фоизгача, сервисда 13 фоизга пасайди. Миллий банк прогнозларига кўра, жорий йилда йиллик инфляция 11-14 фоизни ташкил қилади. Бу кўрсаткич келгуси йилларда пасайишда давом этиши кутиляпти.

Ғалимжан Пирматов, Қозоғистон Республикаси Миллий банки раиси:

- Жаҳон бозорларида озиқ-овқат нархи бироз пасайиши ҳамда Қозоғистоннинг асосий савдо ҳамкорларида инфляция камайиши оқибатида ташқи сектор босими бир мунча пасайди. Шу билан бирга, фискал рағбатлантириш ҳамда пул қадрсизланишини кутиш каби нархлар кўтарилишига олиб келувчи ички факторлар таъсир кучини йўқотгани йўқ. Олиб борилаётган пул-кредит сиёсати инфляция суръатлари пасайишига таъсир кўрсатади. Янгиланган прогнозларга кўра, йиллик инфляция 2023 йилда 11-14 фоиз бўлади, 2024-2025 бу кўрсаткич янада секинлашади.

Валюта бозорида ҳам ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Ўтган йил давомида тенге рекорд даражада арзонлашди, лекин жорий йилда 9 фоизга қимматлашди. Тенгедаги омонатларни муҳофаза қилиш дастури шундай таъсир қилган. Миллий валютадаги жисмоний шахслар депозити учун товон пули тўланди. Натижада, тенге омонатлари 2022 йил давомида 22 фоизга, яъни 21 триллион тенгегача ўсди, доллар улуши улуши эса 32 фоизгача пасайди. Қозоғистонликларнинг тенгедаги омонатлари ортмоқда. Жорий йилда миллий валютадаги депозитлар миқдори 21,4 триллион тенгега етди. Доллар омонатлари эса 29,3 фоизгача пасайди.

Абдумалик Сарманов таржимаси