Халқ ҳунари қайта тикланмоқда

Халқ ҳунари қайта тикланмоқда

Қозоғистоннинг Кўкшетау шаҳрида ёшлар қадимий қозоқ халқ санъати – ёғочга ишлов беришни ўзлаштирмоқда. Шаҳарда дурадгорлик тўгараги очилган. Талаба Ернур Мўлдабай ҳам шу тўгаракка қатнайди. Йигитча кўп вақтини устахонада ўтказади. Миллий услубда турли ёғоч буюмлар тайёрлайди.

ЕРНУР МЎЛДАБАЙ , ТАЛАБА:

- Биринчи ишим – қўбиз ясаш эди. Чолғу асбобини яратиш осон эмас. Бунинг учун ёғоч, суяк ва чарм зарур. Торларини алоҳида ўриб чиққанман. Бир неча марта қайта ишлашимга тўғри келган. Чунки ҳар бир бўлаги эътибор талаб қилади. Ҳозирда сувенир дўмбиралар ясайман.

Тўгаракка 10 ёшдан катта болалар қатнашади. Кўпчилиги ускуна ва дастгоҳлардан фойдаланишни ўзлаштириб олган. Бир неча машғулотдан сўнг ёғоч бўлаги бирорта буюмга, ёрқин сувенирга айланади. Ёш усталар маиший ҳаёт учун керакли нарсалар, чарм ва суяк буюмлар ясайди.

БАТУ САПАРБЕК, ШОГИРД:

- Ҳозир ускуналарни солиб қўйиш учун қути ясаяпман. Ундаги учта токча отамга хизмат қилади. Уларга турли асбобларини тахлаб қўяди. Шунда ҳеч нарса йўқолмайди. Бурагич, болт ва болғачалар қўйилади. Катта, кўркам буюм яратишни истайман.

Устахона раҳбари таъкидлашича, ёғочга ишлов беришнинг барча сир-асрорлари батафсил ўргатилади. Сўнгра болалар чизиш, ўйиш, турли мураккаб нарсалар тайёрлашга киришади.

ЎЛЖАС АХМЕТОВ, ТЎГАРАК РАҲБАРИ:

- Таълим дастурига мувофиқ ўқувчилар 3-4 машғулот давомида ўз қўли билан нимадир ясаб кўради. Шунда уларда дурадгорликка қизиқиш кучаяди. Дурадгорлик ва ёғочга бадиий ишлов бериш ҳунарини сақлаб қолишимиз керак. Ота-боболаримиздан мерос бўлиб келаётган анъаналарни асраб-авайлаш жуда муҳим. Ўқувчилар, келгуси авлод дарахтга ишлов бериш малакасини ўзлаштириши, улар устида ишлаши мен учун жуда муҳим.

Абдумалик Сарманов таржимаси