Астанада - «Буюк Дашт оҳанглари» кўргазмаси

Астанада - «Буюк Дашт оҳанглари» кўргазмаси

Қозоғистон Бадиий санъат академияси – 15 ёшда. Юбилей шарафига Миллий музей биносида «Буюк Дашт оҳанглари» кўргазмаси очилди. Экспозиция очилишида қатнашган мухбирларимиз мамлакатнинг энг яхши ижодкорлари асарлари билан танишди.

150 дан зиёд тасвирий санъат асарлари, 30 дан ортиқ графика ва меъморий планшет. Кўргазма Қозоғистон Бадиий санъат академиясига дахлдор деяли барча соҳани ўзида жамлади. Ушбу ижодий ҳамжамият бугунги кунда қозоғистонликлардан ташқари Марказий Осиё, Европа, МДҲ ва Америкада яшовчи ижодкор юртдошларимизни ҳам бирлаштирган.

Қалиулла Ахметжан, Бадиий санъат академияси академиги, Қозоғистон Республикаси рассомлар уюшмаси аъзоси:

- Академия турли жанрларда ишловчи ижодкорларни бирлаштирган, рассомлардан ташқари унга археологлар, архитекторлар, ёзувчилар ҳам киради. «Бадиий санъат академияси» жамоат жамғармасида маданиятдаги турли соҳа вакиллари бор. Ташкилот Қозоғистон маданияти арбобларининг имкон қадар кенг қатламини жалб этишни асосий вазифаси деб билади.

Мамлакатимиз санъат усталарини ушбу кунда табриклаш учун қўшни давлатлардан ҳамкасблар ташриф буюрди. Андрей Блиок Россия Бадиий санъат академияси номидан қозоғистонлик ижодкорларга фахрий ёрлиқ ва медаллар топширди. У кўргазмага ўз асарларини ҳам келтирган.

Андрей Блиок, Россия бадиий санъат академияси мухбир аъзоси:

- Ушбу кўргазмага 2016 йилда яратилган икки асаримни тақдим этдим. Биттаси – Астана манзараси, «Дашт мўъжизаси» деб аталган, иккинчиси эса Ҳазрат Султон масжиди интерьери. Графика. Орадан 7 йил ўтгач, бу асарларим яна Астанага келганидан, кўргазмада қатнашаётганимдан мамнунман, Мен севган Бадиий санъат академияси 15 ёшда. Жуда жипс жамоаси бор. Рассомлар бир-бирини қўллаб-қувватлайди, пленерларга, меҳмонга чақиради, биз бир оилага айланиб қолдик, дея оламан.

Кўргазма бир ой давомида фаолият кўрсатади. Унда ноёб ва тенгсиз экспонатлар бор. Тасвирий санъат, графика, ҳайкалтарошлик, декоратив-амалий санъат, архитектура намуналари қўйилган.

Абдумалик Сарманов таржимаси