«Kazinform» агентлиги уруш даври суратларини жонлантиради

«Kazinform» агентлиги уруш даври суратларини жонлантиради

Пойтахтдаги «Нурли жўл» вокзалида Қозоғистоннинг Ғалабага қўшган ҳиссасига бағишланган фотокўргазма очилди. Экспозиция «Kazinform» халқаро ахборот агентлиги томонидан Президент Телерадиомажмуаси ҳамда «Қазақстантемиржўли» кўмагида ташкил этилган. Ғалабанинг 80 йиллигига бағишлаб, бу ерда ўша замон фотомухбирлари тарафидан олинган 80 та ноёб архив суратлари намойиш этилди. Улар ўз ҳаётини хавфга қўйиб, урушнинг илк кунларидан то Рейхстаг устида Ғалаба Байроғи тикилгунига қадар бўлган тарихни лентада муҳрлаган. Ҳар бир лавҳа фронтдаги жангчилар, фронторти ишчилари, шунингдек, шифокор ва олимлар жасоратидан сўзлайди. Улар қаҳрамонлиги халқнинг букилмас иродаси ва жанговар руҳи рамзига айланган. Кўргазма июль охирига қадар ишлаб туради. Унинг видеонусхаси бутун юртимиз бўйлаб вокзал ва аэропортлардаги LED-экранларда намойиш қилинади.


Нағашибек Алдан, «Казинформ» ХАА бошқарувчи директор ўринбосари:


- Биз кўплаб архивларда ишладик. Жумладан, хусусий фондларда, давлат музейлари ва кутубхоналарда ҳам. Шу билан бирга, Қозоғистон ва Россия архивларида. Жами бўлиб, мингта фотосурат тўпланди. Шундан ушбу кўргазма учун 80 тасини тайёрладик. Ғалабанинг 80 йиллигига 80 та фотосурат.


Владимир Курятов, «Казинформ» ХАА бошқарувчи директор ўринбосари:


- Мазкур фотокўргазма 4 та блокдан иборат. Биринчи блок – Иккинчи жаҳон уруши, панфиловчи қаҳрамонлар алоҳида, фронтортидаги аёллар жасорати алоҳида блок, темир йўлга бағишланган блок ҳам мавжуд.


Абдумалик Сарманов таржимаси