Ўн йилча илгари қозоғистонлик археологлар ҳақиқий мўъжиза - неолит даврига оид манзилгоҳни топганди. Бу вақт мобайнида кўплаб қимматли экспонатлар аниқланган. Иш махсус тизим бўйича олиб борилмоқда: аввалига ҳудуд квадратларга ажратилади, сўнг объектга қаватма-қават ишлов берилади. Улардан ҳар бири муҳим, дейди олимлар, чунки ҳар битта қатлам тупроғи маданий хусусиятга эга.
Елена Лялина, археологик маркази илмий ходими:
- Бу ерда якунига етказилган квадрат ва деворлар мавжуд. Мана шу деворларни ҳам кўздан кечирамиз ва турли тупроқ қатламлари кўринади, улар стратиграфияни, қатламлар жойлашувини кўрсатади. Тупроқ қандай йиғилгани, қайси жойида топилмалар кўплиги, улар қайси қатламга оидлиги кўзга ташланади.
Археологлар Павлодар вилоятидаги Аккўли туманида рўзғор ашёлари, меҳнат қуроллари, отлар ва йирик шохли чорва моллари қолдиқларига дуч келган. Бу эса эрамизгача бўлган олтинчи мингйилликда ушбу минтақада жониворлар қўлга ўргатилган бўлиши мумкинлигини билдиради. Бундан ташқари, мутахассислар фикрича, қадимий аҳоли фақат жониворларни хонакилаштириш билангина эмас, амалий безак ҳунари билан ҳам шуғулланган. Сопол идишлардаги нақшлар шундан далолат беради. Археолог Виктор Мерц тахмин қилишича, мазкур артефактлар Боборикино маданиятига тегишли.
Виктор Мерц, тарих фанлари номзоди:
- Олтой ўлкасидаги кичикроқ манзилгоҳ мавжуд бўлиб, худди шунга ўхшаш сопол идишлар учрайди, аммо биз бу ёдгорликни энди ўрганмоқдамиз, Боборикино маданиятига ўхшайдиган мазкур сопол идиш ҳақида илк марта эълон қилдик. Энг олис аналогия Уралортида, мана. Аниқроғи, Тюмень тумани, Екатеринбургда. У ерда мана шу Боборикино сопол идишлари аниқланган.
Қадимий археологик топилмаларга бой бўлган мазкур туманда охиригача ўрганилмаган яна бир неча ёдгорлик қолган. Шунинг учун олимлар тадқиқотни давом эттирмоқда.
Абдумалик Сарманов таржимаси